Logo

Кемероводаги ватандошлар иштирокида ифторлик бўлиб ўтди

Март 19, 2026. 14:55 • 2 дақ

101
Кемероводаги ватандошлар иштирокида ифторлик бўлиб ўтди

КЕМЕРОВО, 19 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Россиянинг Кемерово вилояти, Ленинск-Кузнецкий шаҳрида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё”АА мухбири.

Тадбирда ушбу ҳудуддаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар, Кемерово вилояти мусулмонлари идораси раиси, муфтий Тагир Бикчантаев иштирок этди.

Ўзбекистоннинг бош консули Аслам Акбаров юртдошларимизни муборак Рамазон ойи билан самимий табриклаб, Россиянинг миграция бўйича белгиланган тартиб ва қоидаларига қатъий риоя қилиш муҳим эканини таъкидлади. Ишлаш учун бериладиган ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш зарурлиги ҳам қайд этилди.

Ифторлик меҳмонларига ушбу тадбир Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилгани ва унинг Кемерово заминида ўтказилиши мамлакат раҳбариятининг хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатдан далолат экани айтилди.

Кемерово вилояти ҳудудида ватандошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини ҳал этиш мақсадида Бош консулхона билан доимий алоқада бўлиш, ёшларнинг турли жиноятлар ва бузғунчи диний оқимларга жалб этилишига йўл қўймаслик муҳимлигига ҳам тўхталиб ўтилди.

Кемерово вилояти “Ўзбеклар миллий-маданий мухторияти” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Рустам Халбердиев мамлакатимизнинг ҳар бир фуқаросига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун Ўзбекистон Президентига самимий миннатдорлик билдирди.

Самарқанд” ресторани раҳбари Азизбек Тожибоевнинг сўзларига кўра, бундай хайрли тадбирлар чет элдаги ҳамюртларни бирлаштириш ва ўзаро дўстлик алоқаларини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.

“Бундай кенг кўламли тадбирда Кемерово вилояти - Кузбассда бўлиб турган ўзбекистонликлар биринчи марта иштирок этмоқда. Бу ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган тинчлик, бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик сиёсатига самимий ҳурмат ифодасидир”, дея қўшимча қилди Азизбек Тожибоев

Тадбир сўнггида ифторлик иштирокчилари Ватанимиз равнақи, тинчлиги ва фаровонлиги, юртдошларимиз сиҳат-саломатлиги учун дуога қўл очди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш