“Агробанк” юртимизда биринчи марта Eskrou хизматини мобил платформада ишга туширди
Май 22, 2026. 19:25 • 2 дақ
• 122ТОШКЕНТ, 22 май. /“Дунё” АА/. Бугун “Агробанк” акциядорлик тижорат банки томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Анжуманда банк тизимида ислоҳотларни жадаллаштириш ва хизматлар бозори ҳажмини ошириш масаласида батафсил маълумот берилди. Хусусан, банк томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, рақамли трансформация жараёнлари ҳамда хизматлар бозорини кенгайтиришга қаратилган стратегик вазифалар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Тадбирда “Агробанк” АТБ юртимизда биринчи марта Eskrou хизматини мобил платформада ишга туширди. Eskrou – бу пул ва мол-мулк операцияларини хавфсиз тарзда амалга ошириш учун банк ёки махсус молиявий ташкилот орқали кўрсатилувчи хизматдир.
Банк мутахассислари кичик ва ўрта бизнес, корпоратив мижозлар, фермер хўжаликлари ҳамда агросаноат субъектлари учун хизмат қилувчи “Agrozamin Super App” рақамли экотизими жорий этилганини алоҳида қайд этди.
Матбуот анжуманида банк ташаббуси билан ташкил этилган Рақамли иқтисодиёт ва агротехнологиялар университети (UDEA) фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Ушбу олий таълим муассасаси Британиянинг юқори рейтингида турувчи Ковентри университети билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурларини йўлга қўйган. Хусусан, таълим дастурига кўра, талабалар Ўзбекистонда таҳсил олиб, Британия университети дипломини олиш имкониятига эга. Бундан ташқари, университетда иқтидорли талабалар грант асосида ўқитилади.
Учрашув давомида ОАВ ходимларига “Агробанк” АТБ томонидан амалга оширилаётган рақамли трансформация жараёнларини янги босқичга олиб чиқиш, молиявий хизматларни янада қулай, тезкор ва шаффоф қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам маълумот берилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси






