Ўзбекистон глобал инвестицион ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Май 18, 2026. 15:55 • 5 дақ
• 25ТОШКЕНТ, 18 май. /“Дунё” АА/. Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг оралиқ мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири воқеа жойдан.
Мазкур платформа бугунги кунда Ҳукумат ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган йирик халқаро инвесторлар ўртасидаги очиқ ва тизимли мулоқотни таъминлаётган энг муҳим институционал майдонлардан бири сифатида тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
Жорий йилнинг 18 июнь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган Хорижий инвесторлар кенгашининг IV ялпи мажлиси олдидан ташкил этилган ушбу учрашув томонларнинг қараш ва позицияларини мувофиқлаштириш, илгари сурилган ташаббусларни бир тизимга солиш ҳамда устувор йўналишларни аниқлаб олиш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этди.
Мажлис Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев раислигида ўтди. У сессия давомида инвесторлар томонидан илгари сурилган ташаббуслар юзасидан тегишли вазирлик ва идораларнинг позицияларини мувофиқлаштириб борди.
Тадбирда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Шоҳрух Ғуломов, Хорижий инвесторлар кенгаши котиби Азиз Гафуров ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Анди Аранитаси иштирок этди.
Сессияга айнан ЙТТБ ваколатхонаси раҳбарининг модераторлик қилгани халқаро молия институтларининг Ўзбекистондаги ислоҳотларга бўлган юқори қизиқиши ва ишончини яна бир бор намоён этди.
Муҳокамалар марказида тартибга солиш, солиқ ва божхона тизими, инфратузилма, рақамлаштириш ҳамда молия секторига оид жами 116 та ташаббусни ўз ичига олган кенг қамровли таклифлар пакети бўлди. Ушбу ташаббуслар Хорижий инвесторлар кенгаши таркибидаги мавзувий ишчи гуруҳлар томонидан олиб борилган тизимли мулоқотлар ва амалий муҳокамалар натижасида шакллантирилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Солиқ ва божхона маъмурчилигига бағишланган муҳокамаларда халқаро компаниялар томонидан қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, “EY” компанияси давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ҳамда электр энергиясини сотиб олиш бўйича битимлар учун солиқ режимини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш, шунингдек, қўшимча капиталга киритилган ҳиссаларни солиққа тортиш қоидаларини аниқ белгилашни таклиф этди.
Қайта тикланувчи энергетика соҳасида фаолият юритаётган “Masdar” ва “China Energy” компаниялари эса “яшил” энергетика ҳамда энергияни сақлаш тизимлари лойиҳалари учун ер ва мол-мулк солиқлари бўйича имтиёзлар бериш тартибини қайта кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқди. “Deloitte” ва “Voltalia” компаниялари томонидан инвестор фаолият юритаётган ҳар бир ҳудудда алоҳида доимий муассасани рўйхатдан ўтказиш талабини бекор қилиш, шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган технологик ускуналарни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғидан озод этиш механизмларини жорий этиш масалалари кўтарилди.
Сессиянинг энг долзарб ва истиқболли йўналишларидан бири рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект масалаларига бағишланди. “EY”, “TBC Bank” ва “Yandex” компаниялари томонидан билдирилган қўшма ташаббуслар Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасининг ҳуқуқий асосларини яратишга қаратилгани билан эътибор қозонди. Жумладан, “Сунъий интеллект тўғрисида”ги алоҳида қонунни ишлаб чиқиш, тартибга солувчи механизмларини ишга тушириш, сунъий интеллектни қўллашда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тизимини кучайтириш ҳамда Катта маълумотларни бошқариш бўйича миллий платформани яратиш таклиф этилди.
Бундан ташқари, электрон тижорат соҳасида аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш, кичик бизнес вакиллари учун махсус таълим дастурларини йўлга қўйиш ҳамда онлайн ва офлайн савдо фаолиятида якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҚҚС остонасини табақалаштириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди. Бу ташаббуслар Ўзбекистоннинг минтақадаги илғор рақамли иқтисодиёт марказларидан бирига айланишга интилаётганини кўрсатмоқда.
Ер муносабатлари ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан ҳам амалий аҳамиятга эга таклифлар билдирилди. Хусусан, “Коста Легал” компанияси ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — ФАО томонидан ер участкаларини тайёрлаш ва сотиб олишнинг юридик тартибларини унификация қилиш, ер омбудсмани институтини ташкил этиш ҳамда инвестицион низоларни судгача ҳал қилиш учун махсус апелляция комиссияларини тузиш таклиф этилди. Таъкидланганидек, бундай механизмлар инвесторларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Молия бозори, корпоратив бошқарув ва “ESG” йўналишидаги муҳокамалар ҳам сессиянинг муҳим қисмига айланди. Vision Invest компанияси Ўзбекистонни тўғридан-тўғри инвестициялар ва венчур капиталининг минтақавий хабига айлантириш ташаббусини илгари сурди. “Crowe” ва “EY” компаниялари эса оммавий компаниялар кузатув кенгашлари таркибида минимал гендер стандартларини жорий этиш ҳамда масъулиятли бизнес юритишнинг миллий стандартларини амалиётга татбиқ этиш зарурлигини қайд этди.
Ислом тараққиёт банки томонидан “яшил сукук” эмиссияси учун ҳуқуқий асос яратиш ҳамда исломий суғурта — такафул тизимини жорий этиш бўйича таклифлар билдирилди. Мутахассислар фикрича, ушбу ташаббуслар Ўзбекистон молия бозорининг диверсификациясини таъминлаш ва муқобил молиявий инструментларни кенгайтиришда муҳим омил бўлиши мумкин.
Мажлис якунида Жамшид Ходжаев инвесторлар томонидан илгари сурилган ҳар бир ташаббус мамлакатда амалга оширилаётган таркибий ислоҳотларни жадаллаштириш учун муҳим асос сифатида кўрилаётганини алоҳида таъкидлади. Билдирилган таклифлар ва эришилган келишувлар асосида расмий баённома ишлаб чиқилиши, унда масъул вазирлик ва идоралар ҳамда аниқ ижро муддатлари белгиланиши маълум қилинди.
Қайд этилганидек, айнан ушбу ҳужжат 2026 йил 18 июнь куни бўлиб ўтадиган Хорижий инвесторлар кенгашининг IV ялпи мажлисига тайёргарлик кўриш жараёнида мониторинг олиб боришнинг асосий механизмларидан бири бўлиб хизмат қилади.
Тошкентда бўлиб ўтган ушбу оралиқ мажлис яна бир бор шуни намоён этдики, Ўзбекистон халқаро инвесторлар билан ўзаро ишонч, очиқлик ва узоқ муддатли шериклик тамойилларига асосланган янги иқтисодий мулоқот моделини изчил шакллантириб бормоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси








