Анна Васильева: Марказий Осиё тинчлик ва ядро хавфсизлигини мустаҳкамлашнинг жаҳон намунасига айланмоқда

Июнь 26, 2026. 18:00 • 3 дақ

86
Анна Васильева: Марказий Осиё тинчлик ва ядро хавфсизлигини мустаҳкамлашнинг жаҳон намунасига айланмоқда

ТОШКЕНТ, 26 июнь. /“Дунё” АА/. АҚШдаги Мидлбери халқаро тадқиқотлар институти “Монтерей ташаббуси” директори Анна Васильева бугун “Марказий Осиёнинг хавфсиз атом келажаги: ядро қуролини тарқатмасликдан хатарларни бошқаришгача” мавзусида ўтказилган Ядро қуролидан холи ҳудуд бўйича Тошкент мулоқотида нутқ сўзлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Анна Васильева ўз нутқида Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш ғоясининг шаклланишига туртки бўлган айнан Ўзбекистонда форум ўтказилаётгани рамзий маънога эга эканини таъкидлади. Унинг фикрича, Ўзбекистон томонидан БМТда илк бор илгари сурилган ташаббус кейинчалик минтақанинг барча давлатларини бирлаштирган жараённи бошлаб берган.

У 1997 йилда айнан Тошкентда Марказий Осиё мамлакатлари ушбу ташаббусни муҳокама қилиш учун илк бор тўпланганини, орадан йиллар ўтиб эса келишув юзлаб ядро синовларини бошдан кечирган ҳудуд – Семипалатинскда имзоланганини ёдга олди. Шунингдек, дунёдаги энг йирик ядро арсеналларидан биридан ихтиёрий равишда воз кечган ва Семипалатинск синов полигонини ёпган Қозоғистоннинг ўрни алоҳида қайд этилди.

Анна Васильеванинг таъкидлашича, ядровий қуролдан холи ҳудуднинг барпо этилиши барча иштирокчилар томонидан изчил бажарилган халқаро мажбуриятнинг ноёб намунаси бўлди. У бу жараённи нафақат сиёсий ютуқ, балки минтақанинг тарихий шифо топиши йўлидаги муҳим қадам деб атади.

“Монтерей ташаббуси” директори Марказий Осиёни “Тинчликнинг тектоник плитаси” дея таърифлаб, бугунги кунда минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва конструктив ҳамкорлик маконига айланиб бораётганини қайд этди. Унинг баҳосига кўра, Марказий Осиё геосиёсий рақобат объектидан тинч-тотув яшаш маданияти ва глобал ядровий қуролсизланишни илгари сурувчи етакчилардан бирига айланмоқда.

Шунингдек ўқинг

Маърузада ёш авлод масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Анна Васильева айнан мулоқотнинг бугунги ёш иштирокчилари яқин йилларда муҳим қарорларни қабул қилишига, келажак етакчиларининг энг муҳим бурчи эса тинчликни асраш бўлишига ишонч билдирди.

Шунингдек, у мутахассис олимлар, дипломатлар, ядро қуролини тарқатмаслик бўйича мутахассислар, назоратчилар, инспекторлар ва халқаро мажбуриятлар бажарилишини таъминлайдиган барчанинг кундалик машаққатли меҳнатисиз тинчликка эришиб бўлмаслигини урғулади. Унинг қайд этишича, тинчлик нафақат сиёсий ирода ва халқаро келишувларни, балки доимий касбий масъулиятни ҳам талаб қилади.

Анна Васильева сўзи якунида Тошкентда туғилиб, минтақа давлатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли рўёбга чиққан ғоя бугун бирлик ва умумий масъулият рамзи сифатида Ўзбекистон пойтахтига қайтиб келаётганини таъкидлади.

У Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд ташкил этилганининг юбилейи нафақат якунларни сарҳисоб қилиш учун сабаб, балки минтақа давлатларининг тинчлик, хавфсизлик ва ядро қуролини тарқатмаслик режимини мустаҳкамлашга содиқлиги ўзгармаслигининг тасдиғи бўлишига умид билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш