Ядро қуролидан холи ҳудуд бўйича Тошкент мулоқоти бошланди
Июнь 26, 2026. 10:00 • 3 дақ
• 201
ТОШКЕНТ, 26 июнь. / “Дунё” АА/. Бугун Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Марказий Осиёнинг хавфсиз атом келажаги: ядро қуролини тарқатмасликдан хатарларни бошқариш сари” мавзусида Ядро қуролидан холи ҳудуд бўйича Тошкент мулоқоти бошланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири воқеа жойидан.
Тадбир Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, ЖИДУ қошидаги Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти, Монтерейдаги Миддлбери халқаро тадқиқотлар институти ҳузуридаги Жеймс Мартин номидаги Ядро қуролини тарқатмаслик бўйича тадқиқотлар маркази томонидан ташкил этилди.
Форумда Ўзбекистон ва АҚШдан 50 дан ортиқ вакил, жумладан, давлат тузилмалари, таҳлилий марказлар, илмий-тадқиқот ташкилотлари раҳбарлари ва экспертлари, ядро хавфсизлиги, ядро қуролини тарқатмаслик ва атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги мутахассислар иштирок этмоқда. Қатнашчилар орасида АҚШ Президенти Маъмурияти ва Миллий хавфсизлик кенгашининг собиқ ходимлари, дунёнинг етакчи университетлари олимлари ва таҳлилчилари бор.
Ялпи мажлислар ва мавзуга оид сессиялар давомида ўзгарувчан глобал ядровий ва геосиёсий ландшафтда Марказий Осиёнинг ўрнини ўзгартириш, тинч атом ва ядро энергетикасини ривожлантириш шароитида хавфсизликни таъминлаш, ядровий ва радиологик хатарларни бошқариш, атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг жисмоний ҳимояси ва киберхавфсизлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Иштирокчиларнинг таъкидлашича, геосиёсий кескинлик кучайиб, стратегик ноаниқлик ортиб бораётган бир шароитда ядро қуролини тарқатмаслик режимларини мустаҳкамлаш ва минтақавий хавфсизлик механизмларини ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Қайд этилишича, Марказий Осиё Шимолий яримшарда ядро қуролидан холи ҳудуд мақомига ҳуқуқий жиҳатдан эга бўлган ягона минтақа бўлиб қолмоқда.
Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишни ривожлантириш, миллий тартибга солиш тизимларини такомиллаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва Халқаро атом энергияси агентлиги билан ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Иштирокчиларнинг фикрича, минтақанинг ядросиз мақоми нафақат ядро қуролидан воз кечишни, балки ядровий материаллар ва технологиялар билан хавфсиз муомалада бўлиш учун юксак масъулиятни ҳам англатади.
Муҳокамалар доирасида Марказий Осиёнинг Евроосиёдаги асосий транспорт-логистика марказларидан бирига айланаётгани фонида ядровий ва радиологик хатарларни бошқариш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда. Ахборот алмашиш, барвақт огоҳлантириш ҳамда минтақа давлатларининг тегишли хизматлари ҳаракатларини мувофиқлаштириш механизмларини ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.
Музокараларнинг бир қисми иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларнинг ядровий ҳамда радиациявий хавфсизликка таъсирига бағишланди. Экспертлар уран мероси объектларини хавфсиз сақлаш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва минтақавий ҳамкорлик доирасида экологик ва ядровий кун тартибини интеграциялаш муҳимлигини таъкидламоқда.
Форум иштирокчилари Ўзбекистон Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг асосий ташаббускорларидан бири сифатида изчил фаолият юритиб келаётганини алоҳида қайд этди. Шу нуқтаи назардан, Тошкент мулоқоти таҳдидларнинг олдини олиш бўйича амалий механизмларни ишлаб чиқиш, хатарларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва МАГАТЭ билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган янги эксперт-сиёсий майдон сифатида кўрилмоқда.
Тадбир якунлари бўйича ахборот алмашиш ва барвақт огоҳлантиришнинг минтақавий механизмларини ривожлантириш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, мутахассислар тайёрлаш ва Тошкент мулоқотини Марказий Осиёда ядровий ҳамда радиациявий хавфсизлик масалалари бўйича доимий платформа сифатида янада институционализациялаштириш юзасидан тавсиялар тайёрлаш режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси