Logo

Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунига бағишланган конференция ўтказилди

Ноябрь 26, 2025. 09:43 • 3 дақ

780
Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунига бағишланган конференция ўтказилди

ТОШКЕНТ, 26 ноябрь. /"Дунё" АА/. Пойтахтимизда "Рақамли трансформация даврида гендер тенглигини таъминлаш: муаммо ва ечимлар" мавзусида республика илмий-амалий конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

25 ноябрь – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни. Ушбу сана БМТ Бош Ассамблеясининг 1999 йилда қабул қилинган резолюцияси асосида халқаро кун сифатида белгиланган. 25 ноябрдан 10 декабргача давом этувчи "Зўравонликка қарши 16 кунлик фаоллик" доирасида барча давлатлар ва халқаро ташкилотлар хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича кенг қамровли тадбирлар ўтказишга чақирилади. Ушбу конференция ҳам айнан шу 16 кунлик тадбирлар доирасида ташкил этилди.

Мазкур конференцияга Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева модераторлик қилди.

Тадбирда таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда гендер сиёсатини такомиллаштириш, аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантириш борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги қонун, "Гендер тенглигини таъминлаш миллий стратегияси", "Аёлларни қўллаб-қувватлаш давлат дастури" каби ҳужжатлар давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини яққол кўрсатади.

Шунингдек ўқинг

– Халқаро рейтингларда натижаларимиз тобора яхшиланмоқда. "Глобал гендер тафовут" индексининг 2025 йилги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 148 та давлат орасида 0,678 балл билан 110-ўринни эгаллади, – дейди Нодира Эгамбердиева. – Таълим кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон рейтингда 87-ўриндан 43-ўринга, яъни бир йил ичида 44 поғона юқорига кўтарилди. Сиёсий вакиллик субиндекси бўйича 89-ўриндан 82-ўринга юқорилаб, минтақада 20 фоиздан юқори даражага эришган давлатлар қаторига кирдик.

Сўнгги тадқиқотларга кўра, агар глобал миқёсда рақамли гендер тафовути бартараф этилса, 2030 йилга бориб дунё ялпи ички маҳсулоти 1,5 триллион АҚШ долларига ошиши, 2050 йилда эса 30 миллион хотин-қизни қашшоқликдан чиқариш имкони пайдо бўлиши мумкин.

– Рақамли технологиялар аёллар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Масофавий меҳнат, онлайн таълим, рақамли тадбиркорлик, АКТ ва STEAM соҳаларида юқори даромадли касблар пайдо бўлди, – дейди Рақамли технологиялар вазирининг маслаҳатчиси Камола Собирова. – Бироқ айни пайтда рақамли тафовут, рақамли саводхонликдаги фарқлар, онлайн зўравонлик, кибер таҳдидлар, дискриминацион контент ва стереотиплар ҳам кучайиб бораётгани ҳақиқат. Шу боис зўравонликка нисбатан мутлақо муросасиз муҳитни яратиш, ҳар бир аёл ва ҳар бир қиз ўзини хавфсиз ҳис қиладиган жамиятни барпо этиш барчамизнинг умумий вазифамиз ҳисобланади.

Конференция давомида хотин-қизлар орасида замонавий технологик билимларни кенг тарғиб этиш зарурлиги қайд этилди. Зеро, бугунги рақамли трансформация даврида гендер тенглигини таъминлаш масаласини нафақат имкониятлар яратиш бўйича, балки хатарлар ва уларга қарши механизмлар нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқиш зарур.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш