Ўзбекистон ва Италия экологик экспертизада сунъий интеллектни қўллаш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади

Июнь 05, 2026. 10:55 • 2 дақ

120
Ўзбекистон ва Италия экологик экспертизада сунъий интеллектни қўллаш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади
Ўзбекистон ва Италия экологик экспертизада сунъий интеллектни қўллаш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади

САМАРҚАНД, 5 июнь. /“Дунё” АА/. Давлат экологик экспертизаси маркази билан Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IAIA Италия бўлими) ўртасида атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тизимига сунъий интеллектни жорий этиш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу ҳужжат миллий экологик экспертиза ва атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тизимига замонавий рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллектга асосланган ечимларни изчил жорий этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Имзолаш маросимида Давлат экологик экспертизаси маркази бош директори Ғайрат Муҳамедов, IAIA Италия бўлими президенти Жузеппе Магро ҳамда Италия Атроф-муҳит ва энергетика хавфсизлиги вазирлиги, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакиллари иштирок этди.

Меморандум IAIA томонидан илгари сурилаётган ҳамда сунъий интеллект ва Экологик бошқарув платформаси (Environmental Governance Platform – EGP) қўлланилишига асосланган “Пермиттинг 5.0” халқаро концепцияси доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур тизим халқаро стандартларга мувофиқ атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тартиб-таомилларининг шаффофлиги, сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилгандир.

Шунингдек ўқинг

Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сирасига экологик ҳужжатлар таҳлилини автоматлаштириш, лойиҳаларни дастлабки баҳолаш ва атроф-муҳитга умумий таъсирни башорат қилиш учун сунъий интеллект воситаларини Марказнинг амалдаги рақамли тизимига интеграция қилиш; янги технологик ечимларни синовдан ўтказиш бўйича тажриба лойиҳаларини амалга ошириш; халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда сунъий интеллектни экологик баҳолашга жорий этишнинг миллий методологиясини ишлаб чиқиш; шунингдек, рақамли технологиялар соҳасидаги мутахассислар учун халқаро тренинглар, вебинарлар ва малака ошириш дастурларини ташкил этиш киради.

Беш йил муддатга имзоланган меморандум томонларнинг экологик бошқарувни рақамлаштириш соҳасидаги узоқ муддатли стратегик мақсадлари муштараклигини акс эттиради.

Ушбу ташаббуснинг рўёбга чиқарилиши Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришга, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги инвестиция муҳитини такомиллаштиришга ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган экологик ислоҳотларга нисбатан халқаро ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш