Logo

Самарқандда Марказий Осиёнинг сифатли инвестициялари ва молиявий архитектурасини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди

Май 05, 2026. 17:55 • 3 дақ

112
Самарқандда Марказий Осиёнинг сифатли инвестициялари ва молиявий архитектурасини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди
Самарқандда Марказий Осиёнинг сифатли инвестициялари ва молиявий архитектурасини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди
Самарқандда Марказий Осиёнинг сифатли инвестициялари ва молиявий архитектурасини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди

САМАРҚАНД, 5 май. /“Дунё” АА/. Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиғилиши доирасида “Марказий Осиёда сифатли ва барқарор тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни рағбатлантириш: капитал бозорларини ривожлантириш, Тошкент халқаро молия маркази ва инвесторларни ҳимоя қилиш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Тадбир минтақада инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, молиявий инфратузилмани такомиллаштириш ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилиш учун асосий майдонлардан бирига айланди.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев ўз нутқида сўнгги йилларда мамлакат барқарор иқтисодий ўсиш динамикасини намойиш этаётганини таъкидлади. Ўтган йили ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши қарийб 7,7 фоизни ташкил этди. Жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми эса 147 миллиард АҚШ долларидан ошди, бу аввалги йилларга нисбатан икки баравардан кўпроқдир.

Таъкидланганидек, бу даврда Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги S&P, Fitch ва Moody’с халқаро агентликлари томонидан ижобий прогноз билан BB даражасига кўтарилди, бу эса халқаро бозорларда ишонч кучайганини акс эттиради.

Молия секторини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 2025 йилда Ўзбекистон бозор капиталлашуви қарийб 2 миллиард доллар бўлган ва Тошкент ҳамда Лондон фонд биржаларида икки томонлама рўйхатга олинган Миллий инвестиция жамғармасининг (UzNIF) IPOсини муваффақиятли амалга оширди. Етакчи халқаро институционал фондлар, жумладан “BlackRock” ва “Franklin Templeton” асосий инвесторлар сифатида иштирок этди.

Маъруза давомида инвестиция соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Хусусан, энг яхши халқаро амалиётлар, жумладан, инглиз ҳуқуқи нормаларини қўллаш, мустақил суд тизими ва замонавий тартибга солиш муҳити асосида фаолият юритадиган Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, қонунчилик базасини такомиллаштириш, жумладан, муқобил инвестиция фондлари институтини ривожлантириш, замонавий молиявий воситаларни жорий этиш ва инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш қайд этилди. Инвестициявий низоларни ҳал этиш механизмларини модернизация қилиш ва ишбилармонлик муҳити шаффофлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек ўқинг

Халқаро тамойилларга мос келадиган масъулиятли бизнес юритиш стандартларини жорий этиш муҳимлиги таъкидланди. Бу инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсиш барқарорлигини оширишга хизмат қилади.

Минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, Осиё тараққиёт банки кўмагида Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларининг инвестиция сиёсатини мувофиқлаштириш бўйича ташаббуслар, трансчегаравий инвестиция лойиҳаларини илгари суриш учун янги платформаларни шакллантириш алоҳида қайд этилди.

Ўз навбатида, Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канда давом этаётган глобал иқтисодий ноаниқлик шароитида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар барқарор ривожланиш ва иқтисодиётларнинг таркибий ўзгаришини таъминлашда муҳим роль ўйнашини таъкидлади.

Унинг таъкидлашича, инвестициялар ишонч мавжуд бўлган жойга – барқарор сиёсат, кучли институтлар ва башорат қилинадиган ҳуқуқий тизимга келади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро ҳамкорлар томонидан ижобий баҳоланмоқда.

Осиё тараққиёт банки кўп йиллардан буён Ўзбекистондаги ислоҳотларни, жумладан, инвестиция қонунчилиги, молия бозорларини ривожлантириш ва халқаро арбитраж институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватлаб келаётгани таъкидланди.

Низоларни ҳал қилиш механизмларининг башорат қилиниши ва адолатлилиги узоқ муддатли инвестицияларни жалб қилишнинг энг муҳим омили экани таъкидланди. Шу муносабат билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро инвестиция ҳамжамиятининг ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Тадбир якунида иштирокчилар Марказий Осиёда барқарор иқтисодий ўсиш ва сифатли инвестициялар оқимини кенгайтиришга хизмат қиладиган қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича минтақавий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш