Logo

Самарқандда Глобал экологик фонднинг VIII Ассамблеяси расман бошланди

Июнь 04, 2026. 20:55 • 4 дақ

56
Самарқандда Глобал экологик фонднинг VIII Ассамблеяси расман бошланди
Самарқандда Глобал экологик фонднинг VIII Ассамблеяси расман бошланди
Самарқандда Глобал экологик фонднинг VIII Ассамблеяси расман бошланди
Самарқандда Глобал экологик фонднинг VIII Ассамблеяси расман бошланди
Самарқандда Глобал экологик фонднинг VIII Ассамблеяси расман бошланди
Самарқандда Глобал экологик фонднинг VIII Ассамблеяси расман бошланди
Самарқандда Глобал экологик фонднинг VIII Ассамблеяси расман бошланди

САМАРҚАНД, 4 июнь. /“Дунё” АА/. Бугун Самарқандда Глобал экологик фонднинг (ГЭФ) VIII Ассамблеяси расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда дунёнинг 186 мамлакатидан вазирлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат тузилмалари ва ишбилармон доиралар вакиллари, олимлар, фуқаролик жамияти, ёшлар ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.

Очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева нутқ сўзлади ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг ассамблея иштирокчиларига йўллаган мурожаатини ўқиб эшиттирди.

Давлат раҳбари мурожаатида анжуманнинг айнан асрлар давомида Шарқ ва Ғарб, турли маданият ва цивилизациялар, илм-фан ва амалий билимлар туташган маскан ҳисобланган Самарқандда ўтказилаётгани рамзий маънога эга экани таъкидланди. Шунингдек, Ассамблеянинг Бутунжаҳон атроф-муҳит куни арафасида ўтаётгани ҳам қайд этилди.

Президент иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг қисқариши ва атроф-муҳит ифлосланишини ўз ичига олган замонамизнинг мисли кўрилмаган экологик муаммоларига эътибор қаратди. Фаолияти давомида бутун дунё бўйлаб экологик лойиҳаларни амалга ошириш учун 170 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағни сафарбар этган Глобал экологик фонднинг муҳим ўрни таъкидланди.

Мурожаатда Марказий Осиёдаги экологик таҳдидларга алоҳида эътибор қаратилган. Иқлим ўзгариши, чўлланиш, ерларнинг таназзули, музликларнинг эриши ва сув ресурслари танқислиги минтақа учун асосий муаммолар бўлиб қолаётгани қайд этилди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, бугунги кунда Марказий Осиёдаги 37 миллионга яқин аҳоли кучли сув танқислиги шароитида яшамоқда, 2050 йилга бориб эса бу кўрсаткич 75 миллион кишига етиши мумкин.

Давлат раҳбари Янги Ўзбекистон экологик трансформацияни тараққиётнинг янги модели сифатида кўраётганини таъкидлади. Мамлакатда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни сақлаш, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, экологик таълим ва маданиятни ривожлантиришга қаратилган бешта миллий лойиҳа амалга оширилмоқда.

2030 йилгача бўлган мақсадли кўрсаткичлар қаторидан алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини мамлакат ҳудудининг 21 фоизигача кенгайтириш, атмосферага зарарли чиқиндилар ҳажмини 10,5 фоизга қисқартириш, республиканинг барча ҳудудларида дендрологик ва ботаника боғларини ташкил этиш ўрин олган.

Мурожаатда чиқиндиларни қайта ишлаш инфратузилмаси ривожлантирилаётгани қайд этилди. Жорий йилда Ўзбекистонда чиқиндилардан энергия ишлаб чиқарувчи иккита корхонани, кейинги икки йил ичида эса яна тўққизта объектни ишга тушириш режалаштирилмоқда. Бу йилига 5,5 миллион тоннагача чиқиндини қайта ишлаш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини 1,1 миллион тоннага камайтириш имконини бериши кутилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Экологик таълим ва фан масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. “Green University” негизида  10 та илмий-тадқиқот институти ва маркази ҳамда 14 та “яшил” техникум бирлаштирилди. Мамлакатда икки миллионга яқин ёшларнинг экологик саводхонлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар бошланди.

Мурожаатнинг катта қисми Оролбўйини тиклашга бағишланди. Ўзбекистон ҳудудни тикланиш, илм-фан ва инновациялар маконига айлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошираётгани таъкидланди. Хусусан, икки миллион гектардан ортиқ таназзулга учраган ерларни тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Президент қатор халқаро ташаббусларни илгари сурди. Самарқандни “Марказий Осиёнинг яшил инвестиция ва инновациялари пойтахти” деб эълон қилиш, Колумбия университетининг Барқарор ривожланиш маркази билан ҳамкорликда Улуғбек номидаги Барқарор ривожланиш илмий-тадқиқот институтини, шунингдек, Иқлим ўзгариши ва гидрометеорология миллий марказини ташкил этиш шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатларига ташкил этилиши аввалроқ Қозоғистон Президенти билан келишилган “Тоза ҳаво” давлатлараро консорциумига қўшилиш таклиф қилинди. Консорциум экологик мониторингни ривожлантириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва “яшил” молиялаштиришни жалб қилишга ҳисса қўшиши кўзда тутилмоқда.

Давлат раҳбари Ўзбекистоннинг Глобал экологик фонднинг донор мамлакатлари қаторига қўшилишга тайёрлигини маълум қилди ҳамда минтақавий экологик ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлаш ниятини билдирди.

Очилиш маросимида, БМТ бош котиби ўринбосари, БМТнинг Атроф-муҳит дастури ижрочи директори Ингер Андерсен Базель, Роттердам ва Стокгольм конвенциялари ижрочи котиби Рольф Пает ҳамда ГЭФ бош директори ва стратегия ва операциялар бўйича раҳбар Клод Гаскон ҳам сўзга чиқди.

Тадбир иштирокчилари глобал экологик муаммоларга самарали жавоб қайтариш учун халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий салоҳиятни бирлаштириш ва иқлимни молиялаштиришни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Глобал экологик фонднинг VIII Ассамблеяси ўз ишини Самарқандда ялпи мажлислар, мавзуга оид форумлар ҳамда барқарор ривожланиш, иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликни сақлаш ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш масалаларига бағишланган халқаро тадбирлар шаклида давом эттиради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш