Logo

Тошкентда "БМТ-аёллар" тузилмасининг офиси очилди

Май 27, 2025. 16:26 • 3 дақ

184
Тошкентда "БМТ-аёллар" тузилмасининг офиси очилди

ТОШКEНТ, 27 май. /"Дунё" АА/. Бугун Тошкент шаҳрида "БМТ- аёллар" ташкилотининг Ўзбекистондаги расмий офисининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур тадбир Ўзбекистон парламенти ва ҳукуматининг юқори мартабали вакиллари, БМТ агентликлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор вакилларини бир жойга жамлади.

БМТ Бош котибининг ўринбосари ва "БМТ-аёллар" тузилмаси ижрочи директори Сима Бахуснинг 2024 йил май ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида Тошкентда "БМТ-аёллар" ташкилоти офисини очиш бўйича олий даражадаги келишувга эришилган эди.

Офиснинг очилиши "БМТ-аёллар" ташкилоти ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги давомли ҳамкорликдаги муҳим босқич ҳисобланади. Бу Ўзбекистоннинг гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш миллий ривожланишининг устувор йўналиши сифатида тан олинганини намоён этади. Мамлакатда доимий офиснинг ташкил этилиши "БМТ-аёллар" ташкилотига ўз ҳамкорлари ва миллий институтларга кўмагини янада кучайтириш, гендер сезгир сиёсатларни илгари суриш ҳамда барча соҳаларда аёллар ҳуқуқларининг тўлиқ амалиётига ҳисса қўшиш имконини беради.

"Ўзбекистонда "БМТ-аёллар" ташкилоти офисининг очилиши мамлакатимизда гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқларини илгари суриш борасидаги ижобий ютуқларнинг халқаро даражада эътироф этилаётганини, шунингдек, БМТнинг янада инклюзив ва тенг жамиятни барпо этиш борасидаги қатъий садоқатининг яққол рамзи сифатида баҳолаймиз. Албатта, ушбу офиснинг мамлакатимиздаги фаолияти икки томонлама муносабатларимизни янги босқичга олиб чиқишда ҳамда конструктив ҳамкорлигимизни изчил ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди", – деди Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева.

Расмий очилиш маросими Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган ва "БМТ-аёллар" тузилмаси ҳамда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамкорлигида мувофиқлаштирилаётган гендер сезгир бюджетлаштириш лойиҳасининг ишга туширилишидан сўнг бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳа янги офис томонидан амалга ошириладиган биринчи ташаббус бўлиб, "БМТ-аёллар" ташкилоти Ўзбекистонда олиб борадиган институционал ва самарали фаолиятининг амалий намунасидир.

"Ушбу офис фақатгина иштирок белгисигина эмас, балки мақсад, ҳамкорлик ва тараққиёт рамзига айлансин. У орзу қилишга журъат этган ҳар бир аёл ва қиз, ҳамда уларнинг йўлида бирга қадам ташлаётган ҳар бир иттифоқчи учун маёқ бўлсин. Чунки тенглик сари сафар мазкур янги офис билан якунланмайди – балки янада чуқурроқ сабоқда, катта умид ва тўхтовсиз ҳаракат билан янгидан бошланади" – деди "БМТ-аёллар" ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё минтақавий офиси директори ўринбосари Элиза Фернандез Саенз.

У, шунингдек, "БМТ-аёллар" ташкилоти номидан ушбу тарихий лаҳзанинг рўёбга чиқишига сабаб бўлган қатъиятлари учун ҳукумат вакилларига самимий табрикларини билдирди ҳамда Ўзбекистон Ҳукуматининг гендер тенглигини илгари суриш йўлида қабул қилинган қарийб 40 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ўз ичига олган кенг қамровли ислоҳот дастурини юқори баҳолади.

"БМТ-аёллар" ташкилотининг Ўзбекистондаги янги офисининг очилиши мамлакатнинг инсон тараққиёти ва гендер тенглигига бўлган кучли садоқатини яна бир бор тасдиқлайди. БМТнинг юртингиздаги доимий координатори сифатида мен ушбу ҳамкорлик бизнинг умумий саъй-ҳаракатларимизни янада кучайтиришига, Ўзбекистондаги ҳар бир аёл ва қизнинг ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришига ёрдам беришига ишонаман," – деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл.

"БМТ-аёллар" ташкилотининг Ўзбекистондаги офиси очилиши ушбу халқаро ташкилот ҳаётидаги муҳим тарихий давр билан ҳам бир вақтда содир бўлмоқда. Чунки 2025 йилда "БМТ-аёллар" ташкилоти ўзининг 15 йиллигини, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасининг 30 йиллигини ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюциясининг 25 йиллигини нишонламоқда.

2010 йилда ташкил этилганидан бери "БМТ-аёллар" ташкилоти бутун дунё бўйлаб гендер тенглиги ва аёллар ҳамда қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш йўлида етакчи рольни ўйнаб келмоқда. Ҳукуматлар, фуқаролик жамияти ва бошқа ҳамкорларни қўллаб-қувватлаган ҳолда "БМТ-аёллар" тузилмаси аёллар ҳуқуқлари, етакчилиги, зўравонликдан эркин яшаши ва адолатга эришишга хизмат қилувчи дастурлар, сиёсатлар ва қонунларнинг ишлаб чиқилишига ҳисса қўшиб келмоқда.

Ўзбекистонда янги офисининг очилиши ушбу мероснинг мантиқий давомидир ва "БМТ-аёллар" ташкилотининг ҳеч бир аёл ёки қиз эътибордан четда қолмаслиги борасидаги қатъий садоқатини яна бир бор мустаҳкамлайди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш