Logo

Тошкентда "Ипак йўлида туризм" 30-юбилей халқаро сайёҳлик ярмаркаси бошланди

Ноябрь 27, 2025. 12:49 • 3 дақ

576
Тошкентда "Ипак йўлида туризм" 30-юбилей халқаро сайёҳлик ярмаркаси бошланди

ТОШКЕНТ, 27 ноябрь. / "Дунё" АА/. Бугун пойтахтимиздаги Central Asian Expo Uzbekistan халқаро кўргазма марказида "Ипак йўлида туризм" 30-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси иш бошлади, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу нуфузли халқаро ярмарка доирасида ишбилармонлик дастурлари, хорижий мамлакатларнинг миллий стендлари намойиш этилиб, турли тадбирлар ташкил этилмоқда.

1995 йилдан буён Бутунжаҳон туризм ташкилоти кўмагида ўтказиб келинаётган ушбу туризм ярмаркаси сайёҳлик маҳсулотларини тарғиб қилиш, Ўзбекистоннинг халқаро имижини шакллантириш ва ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришда хизмат қилмоқда. Тадбирнинг нуфузи ва кўлами тобора ортиб бораётганини турли мамлакатлардан юзлаб мутахассислар, номдор компания ва ташкилотлар вакилларининг қатнашаётгани ҳам тасдиқлайди.

Бу йилги ярмаркада Саудия Арабистони, Қатар, БАА, Ҳиндистон, Туркия, Буюк Британия, Малайзия, Корея Республикаси, Россия, Беларусь, Грузия, Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Чехия, Германия, Покистон, Руминия, Болгария, Венгрия, Нидерландия каби 40 яқин давлат вакиллари иштирок этмоқда. Ҳудудлар ва тармоқ корхоналарининг 58 та стенди, 65 та халқ ҳунармандлари стенди тайёрлангани ташриф буюрувчилар сонининг кўпайиши ва кенг кўламда иштирок этишидан далолат беради.

Шунингдек ўқинг

Бу галги юбилей дастуридан "Ўзаэро" халқаро авиация форуми, "Delicious Uzbekistan" гастрономик фестивали, Туризм таълими форуми, "Глобал туризм медиа-кампуси", Этноўйинлар фестивали ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Туризм форуми ўрин олган.

Европа Иттифоқининг йигирмадан ортиқ мамлакати вакиллари иштирокида "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" биринчи туризм форумининг ўтказилиши муҳим воқеа бўлади. Шу билан бирга, Ўзбекистон–Россия туризм бўйича кичик комиссиясининг учинчи йиғилиши ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг туризм бўйича маслаҳат қўмитасининг биринчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтмоқда.

Ярмарка иштирокчилари миллий стендлар билан танишиб, форум ва эксперт сессияларида иштирок этмоқда. Шунингдек, иштирокчилар жаҳон даражасидаги ошпазларнинг маҳорат дарслари, гастрономик тақдимотлар ва Ўзбекистон ҳунармандчилик санъати экспозициясидан баҳраманд бўлмоқда. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги янги сайёҳлик зоналари ва йўналишлари намойиш этилмоқда. Анъанага кўра, ҳамкорликни кенгайтириш ва янги шартномалар тузишга қаратилган B2B учрашувлари ҳам ташкил этилди.

Тадбир туризм соҳасидаги жадал ислоҳотлар фонида ўтказилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соҳада кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда: юзга яқин мамлакат фуқаролари учун визасиз режим жорий этилди, 1200 дан ортиқ янги сайёҳлик объектлари ташкил этилди, юздан ортиқ йўналишлар шакллантирилди. 2024 йилда хорижий сайёҳлар сони ўн миллионга етган бўлса, 2030 йилга бориб бу кўрсаткични йигирма миллионга етказиш режалаштирилган.

Юбилей ярмаркасига нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва туризм саноатини ривожлантириш учун муҳим платформа сифатида қаралмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш