Ўзбекистон элчихонаси Ҳиндистоннинг Гуруграм шаҳрида ватандошларимиз пулини ўмариб кетиш билан боғлиқ вазиятни ўз назоратига олди
Декабрь 26, 2023. 12:55 • 2 дақ
• 718
ДЕҲЛИ, 26 декабрь. /"Дунё" АА/. Ҳиндистоннинг «Press Trust of India» ахборот агентлиги ушбу мамлакатнинг Гуруграм (Гургаон) шаҳрида полиция либосида бўлган бир гуруҳ шахслар ўзбекистонлик фуқаро пулини ўмариб кетгани ҳақида маълумот тарқатди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Гуруграм шаҳрининг 53-секторида шанба куни кечки соат 21.00 атрофида меҳмонхонага қайтиб келаётган уч нафар ака-укани полициячилар тўдаси гўёки ҳужжатларни текшириш баҳонасида тўхтатган. Улар сумкаларни кўздан кечириш жараёнида 16 минг АҚШ долларини ўғирлаб, қочиб кетган.
Ўзини Б.С. деб таништирган Ўзбекистон фуқароси Гуруграм шаҳрида жойлашган "Artemis" шифохонасига буйрак кўчириш амалиётини ўтказиш учун келган.
Б.С. ушбу воқеа юзасидан маҳаллий полиция идорасига мурожаат қилган. "Машинадагилар ўзларини полиция ходимлари сифатида таништирди, шахсий гувоҳномаларини кўрсатиб, сумкаларимизни текшириш кераклигини айтди", деб таъкидланган шикоят хатида.
Ҳозир Гуруграм шаҳрининг 53-сектори полиция бўлими томонидан жиноят қонунчилигининг 379А (тортиб олиш орқали ўғирлик), 419 (ўзини бошқа киши деб таништириш йўли билан алдаш) ва бошқа моддалари бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Элчихона томонидан Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа расмий идоралар билан мазкур ҳолат юзасидан расмий мулоқотлар ўтказилди, вазият назоратга олинди.
Дипломатик миссия ватандошларимизни Ҳиндистонга турли мақсадлар, жумладан, тиббий муолажа олиш ниятида келиш пайтида турли шубҳали гуруҳ ёки шахсларнинг гапларига ишониб қолмаслик, айниқса, молиявий масалалар билан боғлиқ вазиятларда шахсий хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш, йирик миқдордаги нақд пул ишлатмаслик, балки банк карталаридан ёки пул ўтказиш амалиётидан кенг фойдаланишга чақиради.
Элчихона бундай ҳолатлар юзага келган тақдирда зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилиши учун зудлик билан қуйидаги воситалар орқали мурожаат қилишни тавсия қилади:
Телефон: +91 11 2467 0774/75
Телеграм-бот: @consuluzbindia_bot
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
АҚШдаги Браун университетида отишма вақтида ўзбекистонлик талаба ҳалок бўлди
Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳрида Ўзбекистон Конституцияси куни нишонланди
Норвегиядаги ватандошлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
Карачида оғир вазиятга тушиб қолган юртдошимиз ҳолидан хабар олинди
Малайзияга ташриф буюришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқаролари диққатига