Россиянинг Приморск ўлкасида меҳнат қилаётган ватандошлар учун сайёр қабул ўтказилди
Февраль 06, 2026. 18:38 • 2 дақ
• 294
ВЛАДИВОСТОК, 9 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан Россиянинг Приморск ўлкасида бўлиб турган ҳамюртларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш ва муаммоларини бевосита жойида ўрганиш мақсадида сайёр қабул ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Сайёр қабулга фуқароларимиздан келиб тушадиган мурожаатларни жойида кўриб чиқиб, уларга тизимли ёрдамлар кўрсатиш мақсадида Приморск ўлкаси ҳукуматининг Миграция сиёсати агентлиги вакиллари Дмитрий Яворский ва Александр Крестьянников, Приморск ўлкасидаги машҳур адвокатлик бюроси раҳбари, адвокат Андрей Камболин ҳамда ўзбек диаспорал ташкилоти вакиллари таклиф этилди.
Ўтказилган сайёр қабулда жами 58 нафар фуқаронинг мурожаатлари кўриб чиқилди. Ватандошлар томонидан кўтарилган масалалар бўйича батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилиб, миграцияси жараёнларида учраётган муаммолар соҳа мутахассислари иштирокида кўриб чиқилди. Бошқа мурожаатлар эса алоҳида назоратга олиниб, Россия Федерациясининг ҳуқуқ-тартибот идораларига кўриб чиқилиб, ҳуқуқий баҳо берилиши учун юборилди.
Шу билан бирга, консуллик-ҳуқуқий хизматлардан фойдаланиш тартиби, мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий воқеалар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маданий қўллаб-қувватлаш ҳамда хавфсиз меҳнат миграциясини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, ушбу соҳада қабул қилинган қарор ва фармонлар тўғрисида маълумот берилди.
Учрашув сўнггида, ватандошларга турли намойиш ва тартибсизликларда иштирок этмаслик, диний экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик, наркотик моддалар билан боғлиқ бўлган ишлардан узоқроқ юриш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси