Logo

Ўзбекистоннинг Ўш шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан йил бошидан буён 300 га яқин ватандош хотин-қизлар ва талабаларга консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилди

Апрель 28, 2024. 13:54 • 2 дақ

357
Ўзбекистоннинг Ўш шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан йил бошидан буён 300 га яқин ватандош хотин-қизлар ва талабаларга консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилди

ЎШ, 29 апрель. /"Дунё" АА/.  Ўзбекистоннинг Ўш шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан вақтинча ишлаш учун хорижга чиқиб кетган ватандош хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, 2022 йилда Қирғизистонда вафот этган турмуш ўртоғининг ўлими тўғрисидаги гувоҳнома ва бошқа ҳужжатларини олиш учун Ўш вилоятига келиб, ўзининг паспорти ва шахсий буюмларини йўқотган ҳамда пулсиз қийин аҳволда қолган 1968 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Раънохон Раззоқовага консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилди. Жумладан, унга Ватанга қайтиш гувоҳномаси тўловсиз расмийлаштирилди ва Ўзбекистонга қайтишида амалий ёрдам берилди.

Бош консулхона маълумотига кўра, жорий йилнинг бошидан буён 300 га яқин хотин-қизларга ва ўзбекистонлик талабаларга турли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Мурожаатларнинг аксарияти хорижий мамлакат визасини расмийлаштириш, рўйхатдан ўтиш, Ватанга қайтиш гувоҳномаси олиш, шунингдек, оилавий-маиший муаммолар, фарзандлар ёки мол-мулкни тақсимлаш ва бошқа масалаларга оид бўлаяпти.

Бош консулхона ҳузурида консуллик округига кирувчи Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ёки олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган фаол, тадбиркор, ижодкор, ташаббускор хотин-қизлар, талаба ёшлардан иборат ишчи гуруҳ тузилган. Мазкур ишчи гуруҳ кўмагида турли байрам тадбирлари, давра суҳбатлари ва учрашувлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.

 "Дўстлик" жамоат фонди бошқаруви раиси Надежда Шаронова ва мазкур фонднинг ходимлари билан кечган учрашувда ҳам Қирғизистонда бўлиб турган Ўзбекистон хотин-қизлари ҳимоясини кучайтириш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича илғор тажриба, Қирғизистонда яшаётган юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишларини ҳамкорликда амалга оширишга қаратилган тадбирлар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

"Дўстлик" жамоат фонди 2001 йилда Ўш шаҳрида ташкил қилинган жамоат ташкилоти бўлиб, зўравонликка учраган хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимоясини ташкил этиш, тиббий, ҳуқуқий ва маънавий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.

"Сўнгги йилларда Ўзбекистонда гендер тенглигига эришиш ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш борасида салмоқли ислоҳотлар амалга оширилди. Ушбу муҳим қадамлар давлатни хотин-қизлар яшаши учун хавфсиз маконга айлантириб, Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги муҳим ютуқ бўлиб хизмат қилмоқда" деди фонд бошқаруви раиси Надежда Шаронова.

Учрашув якунида "Дўстлик" жамоат фонди билан биргаликда амалга ошириладиган тадбирлар режаси келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш