Малайзия ҳукумати 2024 йил 1 январдан бошлаб мамлакатга ташриф буюрувчи чет эл фуқаролари учун рақамли келиш карталарини жорий этмоқда
Декабрь 25, 2023. 11:47 • 2 дақ
• 1143
КУАЛА-ЛУМПУР, 25 декабрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз элчихонаси маълумотига кўра, Малайзия ҳукумати 2024 йил 1 январдан бошлаб шу давлатга ташриф буюрувчи чет эл фуқаролари, жумладан Ўзбекистон фуқаролари учун рақамли келиш карталарини жорий этмоқда, деб хабар қиляпти «Дунё» АА мухбири.

Янги қоидага мувофиқ, мазкур онлайн картани олиш учун Малайзияга етиб келгунга қадар уч кун ичида https://imigresen-online.imi.gov.my/mdac/main веб-сайти орқали тўлдириш талаб этилади. Тўлдирилган ва принтерда чоп этилган картани мамлакатга кириб келганда паспорт назорати пунктларида тақдим этиш керак бўлади.
Мазкур картада саёҳатчилар ўзларининг шахсий маълумотларини, жумладан, исм-шарифи, фуқаролиги, паспорт серияси, мамлакатга келиш ва ундан чиқиб кетиш саналари, телефон рақамлари, Малайзиядаги вақтинча яшаш манзили ва бошқа маълумотларни кўрсатиши шарт.
Ҳозирги вақтда Малайзияга кириш учун Ўзбекистон фуқароларига 30 кунгача виза талаб қилинмайди.
Малайзиянинг миграция қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистондан келаётган фуқаролар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш зарур:
- амал қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаган хорижга чиқиш паспорти;
- мазкур давлатга кирган санадан бошлаб 30 кун ичида қайтиш ёки учинчи давлатга бориш авиачиптаси.
Шунингдек, паспорт назоратидан ўтаётганда фуқаролардан меҳмонхона (ётоқхона)ни банд қилганлиги тўғрисида ҳужжат ва мамлакатда бўлишлари учун етарли маблағ мавжудлигини тасдиқлаш талаб қилиниши мумкин.
Зарур ҳолларда, Малайзия Ички ишлар вазирлиги Миграция департаменти вакиллари чегара ўтиш жойларида (Куала-Лумпур халқаро аэропорти ва бошқалар) чет эл фуқароларига мамлакатга киришни рад этиш ҳуқуқига эга.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистоннинг Куала-Лумпур шаҳридаги элчихонаси Малайзияга саёҳат қилишни режалаштираётган ватандошларни маҳаллий ҳокимият органларининг ушбу талабларини инобатга олишга чақиради.
Қўшимча маълумот учун Ўзбекистоннинг Куала-Лумпур шаҳридаги элчихонасининг қуйидаги телефон ва ижтимоий тармоқлардаги манзилларига мурожаат қилишингиз мумкин:
Тел.: +603-4253-3406, +603-4253-2406.
Веб-сайт: https://uzbekembassy.com.my/
Facebook: https://www.facebook.com/uzembassymalaysia
Instagram: https://www.instagram.com/uzembassymalaysia/
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
