Logo

Россиянинг Сургут шаҳрида оилавий зўравонлик қурбони бўлган она ва унинг уч нафар фарзанди Ўзбекистонга қайтарилди

Май 19, 2025. 20:33 • 2 дақ

212
Россиянинг Сургут шаҳрида оилавий зўравонлик қурбони бўлган она ва унинг уч нафар фарзанди Ўзбекистонга қайтарилди

ЕКАТЕРИНБУРГ, 19 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари кўмагида Россиянинг Сургут шаҳрида оилавий зўравонлик қурбонига айланган ҳамюртларимиз Ўзбекистонга қайтарилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Бош консулхонадан олинган маълумотга кўра, жорий йил 15 май куни Бош консулхонага И.М. турмуш ўртоғи Қ.М. томонидан кучли босим ва таҳқирларга учраганлиги сабабли доимий яшаш манзилига юборишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Мазкур оила 2024 йил май ойида вояга етмаган икки нафар фарзанд билан бирга Россиянинг Сургут шаҳрига келган. Мазкур оиланинг учинчи фарзанди ушбу шаҳарда туғилган.

Жабрланувчининг турмуш ўртоғи Россия ҳудудида қонуний бўлиши учун лозим бўлган ҳужжатларни расмийлаштирмаган ҳолда турли жойларда ишлаган. Оиладаги етишмовчиликлар, тайинли иш жойи ва даромаднинг йўқлиги сабабли мазкур оилада келишмовчиликлар юзага чиқади. Кунора бўлаётган жанжалдан тоқати тоқ бўлган она болаларини олиб Ўзбекистонга қайтишга қарор қилади. Бундан хабар топган ота уларнинг паспортларини олиб қўяди.

Дипломатлар мазкур оилада бўлиб Қ.М.дан турмуш ўртоғи ва фарзандларининг ҳужжатларини олиб бердилар ва уларни Екатеринбург шаҳрига олиб келдилар. Шунингдек, И.М.нинг Россияда туғилган учинчи фарзандига Ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилди.

И.М. ва унинг 3 нафар фарзандига 19 май кунги "Екатеринбург-Наманган" авиайўналишидаги самолётга авиачипта харид қилинди ва юртимизга кузатиб қўйилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш