Logo

Ўзбекистон элчихонаси Ҳиндистонда мамлакатимиз фуқаросининг ўлими билан боғлиқ вазиятни назоратга олди

Январ 23, 2024. 17:48 • 46 сония

787
Ўзбекистон элчихонаси Ҳиндистонда мамлакатимиз фуқаросининг ўлими билан боғлиқ вазиятни назоратга олди

ДЕҲЛИ, 23 январь. /"Дунё" АА/. Ҳиндистоннинг Ҳарьяна штати Сонипат шаҳридаги дам олиш масканларидан бирида ўзбекистонлик аёл жасади топилгани ҳақидаги маълумот ўз тасдиғини топди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Бу нохуш ҳодиса ҳақидаги дастлабки хабарлар тарқалиши билан мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси Сонипат шаҳри полицияси билан алоқага чиқди ҳамда воқеани жойида ўрганиш мақсадида ушбу шаҳарга сафар уюштирилди.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари билан амалга оширилган ҳаракатлар натижасида марҳума фарғоналик М.А. исмли 32 ёшли аёл экани аниқланди. Дастлабки маълумотларга кўра, ўзбекистонлик аёл ва иккинчи нобуд бўлган шахс ис газидан заҳарлангани тахмин қилинмоқда. Ҳодиса сабабларига аниқлик киритиш бўйича тезкор суриштирув ва тиббий экспертиза ишлари давом эттирилмоқда.

Дипломатия миссияси мазкур ҳодиса бўйича тергов-суриштирув жараёнини назоратга олган. Марҳуманинг яқин қариндошлари бу ҳақда хабардор қилинган. Шунингдек, зарур бўлган барча консуллик-ҳуқуқий амалиётлар бажарилиб, марҳуманинг жасадини қисқа вақт ичида Ўзбекистонга жўнатиш чоралари кўрилмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш