Санкт-Петербургда Халқаро миллий маданиятлар фестивали ўтказилди
Апрель 30, 2026. 10:25 • 2 дақ
• 409САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 2 май. /“Дунё” АА/. Санкт-Петербург давлат телекоммуникациялар университетида Халқаро миллий маданиятлар фестивали бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур фестиваль университетнинг халқаро ҳамкорлик бошқармаси томонидан ташкил этилди. Тадбирда консуллик муассасалари, миллий-маданий бирлашмалар, академик ҳамжамият вакиллари ҳамда Санкт-Петербург олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ватандош талабалар иштирок этди.
Тадбир дастуридан байрамона концерт, миллий кўргазма, анъанавий либослар ва миллий таомлар намойиши ўрин олди.
Фестивалда университет проректори Альберт Абилов мазкур тадбир халқлар ўртасидаги ўзаро яқинлашувни мустаҳкамлаши, дўстона алоқаларни ривожлантириши ҳамда турли маданиятларни чуқурроқ тушуниш учун муҳим майдон эканини таъкидлади.
Ўзбекистонлик ёшлар фестивалда фаол иштирок этди. Талабалар миллий либосларни намойиш этиб, мусиқий чиқишлар қилди. Анъанавий сувенирлар ва маиший буюмлар билан безатилган миллий стенд иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Фестиваль дўстона ва байрамона руҳда якунланиб, маданиятлараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатлар ўртасидаги гуманитар алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


