Сан-Францискода ўзбек диаспораси туркий маданият фестивалида ватанимиз маданиятини намойиш этди
Сентябрь 16, 2026. 08:55 • 2 дақ
• 230САН-ФРАНЦИСКО, 16 сентябрь. /“Дунё” АА/. Сан-Францискодаги ўзбек диаспораси вакиллари мазкур шаҳарда бўлиб ўтган “TurkFest SF 2026” туркий маданият фестивалида иштирок этдилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Фестиваль доирасида ватандошларимиз Ўзбекистоннинг алоҳида павильонини ташкил этиб, унда мамлакатимизнинг туристик салоҳияти, миллий маданияти, урф-одат ва анъаналари, халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари ҳамда миллий таомларини тақдим этдилар.
Ўзбекистон павильони шаҳар аҳолиси ва меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди. Ташриф буюрувчилар мамлакатимиз, унинг тарихий шаҳарлари ва туристик йўналишлари ҳақидаги маълумотлар билан танишдилар, Ўзбекистонга саёҳат қилиш имкониятлари билан қизиқдилар ҳамда диаспора вакиллари билан мулоқот қилиб, миллий экспозиция фонида суратга тушдилар.
Тадбирда ўзбек ёшларининг иштирокига алоҳида эътибор қаратилди. Ёш ватандошларимиз тадбирни ўтказиш ва миллий маданиятни тақдим этиш жараёнларига бевосита жалб этилди.
Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонасида ўзбек диаспорасининг бу каби ташаббуслари АҚШда мамлакат маданияти ва туристик салоҳиятини тарғиб қилиш, шунингдек, ёш авлод ўртасида миллий анъаналарни сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
— Биз ватандошларимизнинг фаоллигини қўллаб-қувватлаш ва янги маданий ҳамда жамоатчилик ташаббусларини амалга оширишда зарур кўмакни кўрсатишда давом этамиз. Бу ишга илдизлари, маданияти ва анъаналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлаётган ёшларимизнинг янада фаол қўшилаётгани айниқса муҳимдир, — деди ўзбек дипломатлари.
Тадбир якунида АҚШда Ўзбекистонни янада тарғиб қилиш ва ватандошларнинг юрт билан алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган маданий ва жамоатчилик тадбирларини ўтказиш бўйича Сан-Францискодаги ўзбек жамоаси билан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

