Олмаотадаги фестивалда ўзбек маданияти ва анъаналари намойиш қилинди
Сентябрь 15, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 210ОЛМАОТА, 15 сентябрь. /“Дунё” АА/. Олмаотадаги “Билим-Инновация” лицейида Қозоғистон халқлари тиллари кунига бағишланган маданий-маърифий фестиваль бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида лицей ўқитувчилари, ўқувчилари ва ота-оналари иштирокида ташкил этилди.
Ушбу фестивални ўтказишдан асосий мақсад турли халқлар тили, маданияти ва миллий қадриятларини тарғиб қилиш, миллатлараро тотувлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Учрашув доирасида ўқувчилар ўзбек маданияти ва анъаналарига бағишланган махсус дастурни тақдим этди. Меҳмонлар Ўзбекистон тарихи, маданияти, қадриятлари ва диққатга сазовор жойлари ҳақидаги видеороликларни кўриш имконига эга бўлди.
Дастурнинг алоҳида қисми ўзбек миллий таомларига бағишланди. Меҳмонларга сомса, тандир нон, миллий ширинликлар, палов ва бошқа таомлар тортиқ қилинди. Иштирокчиларга миллий таомларнинг тайёрланиш жараёни ва ўзбек гастрономик анъаналари ҳақида маълумот берилди.
Ўқувчилар томонидан махсус тайёрланган, Ўзбекистон рамзлари, унинг тарихий жойлари ва диққатга сазовор жойлари тасвирланган ширинлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Фестиваль якунида меҳмонлар миллий таомлардан татиб кўриш ва Ўзбекистоннинг бой гастрономик мероси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



