Қоҳирада ўзбекистонлик талабалар учун ифторлик тадбири ўтказилди
Март 16, 2026. 09:12 • 2 дақ
• 181
ҚОҲИРА, 16 март. /«Дунё» АА/. Жорий йилнинг 14 март куни Қоҳира шаҳридаги Ал-Азҳар мажмуаси ҳузуридаги Ривожланиш марказида Мисрда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар учун ифторлик тадбири ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, тадбирнинг фахрий меҳмони сифатида Тошкент шаҳридан ташриф буюрган “Сирож Солих” масжиди имоми Ҳасан Қодиров иштирок этиб, талабаларга маънавий-маърифий мавзуда маъруза қилди.
Ўз чиқишида Ҳасан Қодиров хорижда таҳсил олаётган ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси, миллий ва диний қадриятларга содиқлик, шунингдек, экстремизм ва радикал ғояларнинг хавфи ҳақида тўхталиб ўтди. У ҳақиқий ислом таълимоти мўътадиллик, илм-маърифат ва жамиятга ҳурмат тамойилларига асосланишини таъкидлади.
Шунингдек, талабаларга Ватан билан узвий алоқани сақлаш, билим олишга интилиш ва юрт обрўсини муносиб ҳимоя қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Тадбир илиқ ва дўстона муҳитда ўтиб, Мисрда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ўртасида бирдамлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси