Ўзбекистоннинг элчихонаси Ҳиндистоннинг Панжоб штатида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган ватандош аёлнинг жасадини ватанга қайтаришда ёрдам кўрсатди
Март 13, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 105
ДЕҲЛИ, 13 март. /«Дунё» АА/. Жорий йилнинг 10 март куни Панжоб штатининг Зиракпур шаҳрида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Т.М. исмли Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, ҳодиса шахсий транспорт воситаси иштирокида содир бўлган. Панжоб штатининг ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари айбдорларни жавобгарликка тортиш мақсадида тегишли тергов-суриштирув ишларини амалга оширмоқда.
Ўзбекистон элчихонаси марҳуманинг қариндошлари билан мунтазам алоқада бўлиб турибди ҳамда уларга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда. Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаси бўйича тергов жараёни назоратга олинган.
Дипломатик ваколатхона Т.М.нинг яқинлари ва қариндошларига оғир жудолик муносабати билан ҳамдардлик билдирди ҳамда марҳуманинг жасадини ватанга қайтариш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширди.
Шу муносабат билан, элчихона чет элдаги ватандошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифа эканлигини эслатиб ўтади ва Ҳиндистон ҳудудида мураккаб ҳаётий вазиятларга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларига ҳар томонлама консуллик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдамни тезкорлик билан кўрсатишга тўлиқ тайёрлигини тасдиқлайди.
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси билан боғланиш учун маълумотлар:
манзил: EP40, Dr. S. Radhakrishnan Marg, Chanyakapuri, New Delhi, 110021
Консуллик бўлими телефони: +91 94994 85962
е-mail: info.uzbekemassy@gmail.com
Telegram-бот: @consuluzbindia_bot
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси