Покистон ОАВ: Янги Ўзбекистон Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва ҳамкорликнинг янги меъмори
Август 19, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 77
ИСЛОМОБОД, 19 август. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Pakistan State Time” газетаси, “Daily The Azb” ва “Imroze Pakistan”онлайн нашрларида “Тинчлик ва ишонч меъморига айланган Янги Ўзбекистон” сарлавҳали мақолалар эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллиф таъкидлаганидек, мустақиллик фақат сиёсий суверенитет эмас, балки халқнинг эркин яшаши, ўз тақдирини ўзи белгилаши ва қўшнилар билан тинч-тотув ҳамкорлик қилишидир.
Мақолада 1991 йилдан сўнг Марказий Осиёда чегараларнинг мураккаблиги, хусусан, Фарғона водийсида минглаб оилалар ва аҳоли пунктлари ажралиб қолгани аччиқ инсоний тақдирлар мисолида очиб берилади. Чегара шунчаки харитадаги чизиқ эмас, балки инсонлар тақдири билан чамбарчас боғлиқ экани урғуланади.
Шарҳда сўнгги ўн йилликда Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё устувор йўналишга айлангани, натижада қўшни мамлакатлар билан чегараларда янги назорат-ўтказиш пунктлари очилиб, транспорт ва савдо қатнови изчиллашгани қайд этилган.
2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида Президентлар Шавкат Мирзиёев, Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаров томонидан уч давлат чегаралари туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартноманинг имзоланиши, шунингдек, “Дўстлик стеласи”нинг очилиши минтақа дипломатиясида янги даврни бошлаб бергани алоҳида кўрсатилган.
Муаллиф ўзаро ишончнинг амалий натижаларини рақамларда асослаб беради. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмаси 2016 йилдаги 2,5 миллиард доллардан 2025 йил якунларига келиб 8 миллиард доллардан ошди.
Мақола хулосасида таъкидланганидек, Ўзбекистон танлаган очиқлик ва прагматизм тамойилларига асосланган ташқи сиёсат Марказий Осиёда тинчлик, ишонч ва умумий тараққиётнинг янги меъморчилигини яратишга хизмат қилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси