Logo

Ўзбекистон дипломатлари Хитойнинг Янчжоу шаҳрида таҳсил олаётган ватандошлар билан учрашдилар

Апрель 21, 2025. 15:22 • 37 сония

96
Ўзбекистон дипломатлари Хитойнинг Янчжоу шаҳрида таҳсил олаётган ватандошлар билан учрашдилар

ЯНЧЖОУ, 21 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Шанхай шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари Хитойнинг Янчжоу университетида таҳсил олаётган ватандош талабалар билан мулоқот қилдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат чоғида мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан таълим олиши, иқтидорини намойиш этиши, бандлигини таъминлаш бўйича яратилган шароитлар тўғрисида тўхталиб ўтилди. Ҳамюртларимизнинг хорижда олган билимлари келгусида Ўзбекистонни янада тараққий этишида асқотиши таъкидланди.

Талабаларга маҳаллий қонун-қоидаларга амал қилиш юзасидан тегишли тавсиялар билдирилди. Бош консулхонанинг асосий вазифалари ва хизматлари тўғрисида айтиб ўтилди, вақтинча консуллик ҳисобига туришнинг афзалликлари урғуланди. Шунингдек, талабалар билан уларнинг ўқиши ва яшаши билан боғлиқ масалалар хусусида фикр алмашилди.

Бўлиб ўтган мулоқот якунида ватандош талабалар билан биргаликда юртимизда нишонланадиган байрамлар ва муҳим саналарга доир тадбирларни ташкил этишга келишиб олинди. 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш