Ўзбекистон Бош консулхонасида 2024 йилда мамлакатимиз туристик салоҳиятини араб минтақасида тарғиб қилиш бўйича ишчи режа тузиб олинди

Декабрь 17, 2023. 16:31 • 2 дақ

401
Ўзбекистон Бош консулхонасида 2024 йилда мамлакатимиз туристик салоҳиятини араб минтақасида тарғиб қилиш бўйича ишчи режа тузиб олинди

ДУБАЙ, 18 декабрь. /"Дунё" АА/. БААда муқим истиқомат қилиб келаётган ҳамюртларимиз орасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳамда ваколатхонанинг устувор йўналишларида ҳамкорликни давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Бош консулхонасида фаол ватандошларимиз билан навбатдаги амалий учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат чоғида узоқ йиллар давомида ўзининг йирик хусусий туристик компаниясига эга бўлиб, ушбу корхонани муваффақиятли бошқариб келаётган Равшан Закиров билан 2023 йил якунлари бўйича Бош консулхона билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар, шу жумладан туризм йўналишида амалга оширилган тадбирларнинг сарҳисоби қилинди.


Бугунги кунга келиб мамлакатимиз кўплаб ривожланган давлатлар, шу қатори БАА билан ўрнатилган мустаҳкам алоқаларнинг ижобий натижаси сифатида икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар йўналишлардаги ҳамкорлик жадаллашиб бормоқда. Шу муносабат билан сўнгги 4-5 йил ичида Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги авиақатновлар сони бир неча бараварга (ҳафтасига 46 рейс) ўсди. Ушбу кўрсаткичларни янада юқори даражага олиб чиқиш эса Бош консулхонанинг асосий устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.


Учрашув якунида кириб келаётган 2024 йилда ваколатхона раҳнамолигида БААдаги ўзбекистонликларга тегишли бўлган компаниялар имконияти билан мамлакатимиз туристик салоҳиятини араб минтақасида тарғиб қилиш ишлари муҳокама этилиб, ишчи режа тузиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш