Logo

Хитойдаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси дипломатик миссия диққат марказида

Апрель 30, 2024. 08:47 • 2 дақ

250
Хитойдаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси дипломатик миссия диққат марказида

ПЕКИН, 30 апрель /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Хитойдаги ватандошлар иштирокида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.



Унда Ўзбекистон Президентининг "Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ва "Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорларида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар, хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг бугуни ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди.

Хитойдаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, улар дуч келаётган масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида мезбон мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан узвий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, ватандошлар "консалтинг" хизматларини кўрсатиш ниқоби остидаги фуқароларнинг чет элга ўқишга ва ишга жўнатиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларидан эҳтиёт бўлишга чақирилдилар.

Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари томонидан чет эллардаги ватандошларимизни қўллаб–қувватлаш, уларга ҳуқуқий маслаҳат бериш ва ёрдам кўрсатиш, терроризм, диний экстремизм ғоялари таъсиридан ҳимоялаш ҳамда турли ноқонуний фаолият билан боғлиқ хавфлардан огоҳлантириш бўйича чора-тадбирлар кўрилаётганлиги қайд этилди.

Барча ватандошлар, огоҳлик ва ҳушёрликни янада оширишга, содир бўлаётган ҳодисаларга бефарқ бўлмасликка даъват этилдилар.

Тадбир якунида, ватандошларга Ўзбекистоннинг Хитойдаги дипломатик ваколатхоналарининг масъул ходимлари ва уларнинг консуллик округларига кирувчи ҳудудлари тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш