Қатарда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик талабалар Ватанни янада ривожлантиришда иштирок этиш бўйича ташаббусларни илгари сурди
Февраль 12, 2026. 16:10 • 2 дақ
• 99ДОҲА, 15 февраль. /“Дунё” АА/. Юртимизнинг Доҳадаги элчихонаси, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамкорлигида Қатарнинг нуфузли университетларида таҳсил олаётган талабалар билан онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
“Ватандошлар” жамоат фонди бошқарув раиси Одилжон Сатторов модераторлигида бўлиб ўтган анжуманда олий таълим соҳасида қабул қилинган қарорлар, олиб борилаётган ислоҳотлар ва амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтилди. Мактаб битирувчиси бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга юртимиз ва хорижда таълим олиш учун яратилаётган шарт-шароитлар, иқтидорли ёшларга махсус стипендиялар ажратиш ва чет элга ўқишга юбориш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича маълумот берилди.
Қатар ва Ўзбекистон ўртасида таълим соҳасида эришилган ютуқлар, режалаштирилаётган музокаралар, хусусан, эҳтиёжманд оила вакилларига устуворлик қаратилаётгани, ўқишни тугатиб қайтувчи талабаларга Ўзбекистонда ишга жойлашиши борасида сўз юритилди.
Мулоқот жараёнида талабалар вазирлик ва фонд масъулларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди ва бир қанча таклифларни илгари сурди. Жумладан, таълим дастурлари, дипломларни нострификация қилиш тартиби, касбий ривожланиш истиқболлари бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.
Тадбирда Доҳадаги Карнеги Меллон университети талабаси Фирдавс Файзуллаев сўзга чиқиб, айни вақтда Қатарда 40 нафадан зиёд ўзбекистонлик йигит-қизлар ўқиётгани, улар ўз мутахассисликлари бўйича пухта билим олаётганини билдирди. Шу билан бирга, улар мамлакатимизда ўз соҳаси бўйича Ўзбекистон ривожига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида Доҳадаги нуфузли университетларда таълим олган ёшларимиз картотекасини тузиш ва Ўзбекистондаги иш берувчиларга тавсия қилиш таклифини илгари сурди.
Шу билан бирга Қатардаги “Northwestern” университетининг журналистика факультети талабаси Фарзона Юсуфжонова ёзги таътилда Ўзбекистонда амалиёт ўташ ташаббусини илгари сурди. “Ватандош” жамоат фонди билан ҳамкорликда ушбу таклифларни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилишга келишиб олинди.
Тадбир доирасида ёшларимиз Элчихонага Қатарга саёҳат ва бошқа мақсадларда ташриф буюриб, қийин вазиятга тушиб қолган фуқароларимизга ёрдам бериш, мулоқот қилиш даражаси йўқ бўлган фуқароларимизга амалий кўмак кўрсатиш ишига ҳам кўнгилли равишда иштирок этиш истагини билдирди.
Бунга мувофиқ, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги “Ватандош” жамоат фонди вакиллиги ҳамда Элчихона Қатардаги талаба ёшлар билан ишлашни мувофиқлаштириш ва доимий мулоқотни ташкил қилиш йўлга қўйилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



