Logo

Миср ва Ўзбекистон ўртасида имтиёзли савдо битими бўйича музокаралар олиб борилмоқда

Март 09, 2026. 13:13 • 4 дақ

80
Миср ва Ўзбекистон ўртасида имтиёзли савдо битими бўйича музокаралар олиб борилмоқда
Миср ва Ўзбекистон ўртасида имтиёзли савдо битими бўйича музокаралар олиб борилмоқда

ҚОҲИРА, 8 март. /“Дунё” АА/. Мисрнинг MENA” ва “Al-Youm as-Sabi” етакчи ахборот агентликларига Ўзбекистон элчиси Мансурбек Киличев интервью бериб, Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мансурбек Киличевнинг таъкидлашича, Мисрнинг ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришиш, инсонпарварлик ёрдамларини етказиб беришни енгиллаштириш ва янада кескинлашувнинг олдини олишга қаратилган дипломатик ташаббуслари муҳим аҳамиятга эга. Мисрнинг конструктив иштироки минтақавий барқарорликни таъминлаш ва тинч аҳоли ҳаётини ҳимоя қилишга катта ҳисса қўшмоқда.

Ўзбекистон доимо мулоқотни, кескинликни камайтиришни ва халқаро ҳуқуқ ҳамда БМТнинг тегишли қарорларига асосланган ҳолда барча томонлар учун барқарор тинчлик ва хавфсизликни таъминлайдиган ҳар томонлама сиёсий ечим топилишини қўллаб-қувватлайди. Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий мулоқот ўзаро ҳурмат, конструктив ҳамкорлик ва энг юқори даражадаги алоқалар билан ажралиб туради.

“Миср билан муносабатлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил февраль ойида Қоҳирага амалга оширган тарихий ташрифидан сўнг янги динамик босқичга кирди. Юқори даражадаги мулоқотлар давом этмоқда. Жумладан, 2025 йилда Москвада Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирлар доирасида Президент Абдулфаттоҳ ас-Сиси Мирзиёев билан учрашди”, дейди элчи.

Интервьюда ёзилишича, икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари ва юқори лавозимли расмийлари ўртасида яқин мулоқот сақланиб қолмоқда. Парламент дипломатияси ҳам сезиларли даражада кенгайди: икки парламент раиси ўзаро ташрифлар амалга оширди ва парламентлараро дўстлик гуруҳлари ташкил этилди.

Келгуси даврда турли даражалардаги ташрифлар, жумладан вазирлар делегациялари ва савдо миссиялари алмашинуви янада кўпайиши кутилмоқда. Бу эса Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлайди. Сўнгги йилларда ўзаро савдо ҳажми барқарор ўсиб бормоқда ва 2025 йилда 47 миллион доллардан ошди.

Читайте также

Агентликдаги материалда қайд этилишича, Миср Ўзбекистонга цитрус мевалари, дори-дармонлар, электр жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва туризм хизматларини экспорт қилади. Ўзбекистон эса Мисрга тўқимачилик маҳсулотлари, минерал ўғитлар, кимёвий товарлар ҳамда таълим ва туризм каби хизматларни етказиб беради. Ҳар икки мамлакат ишбилармон доиралари икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга катта қизиқиш билдирмоқда. Дори-дармон, тўқимачилик, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва қурилиш соҳаларида бир қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилган.

Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бири транспорт ва логистика соҳасидир. Бу, айниқса, Мисрнинг Суэц канали орқали стратегик жойлашуви ва Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги муҳим марказ сифатидаги роли билан боғлиқ. Унинг фикрича, икки мамлакат ўртасида ҳали ишга солинмаган катта иқтисодий имкониятлар мавжуд.

“38 миллиондан ортиқ аҳолига эга ва тез суръатларда ривожланаётган иқтисодиётга эга бўлган Ўзбекистон энергетика, кончилик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика, рақамли технологиялар ва туризм соҳаларида катта имкониятлар яратади. Миср эса Африка ва араб дунёсидаги энг йирик иқтисодиётлардан бири сифатида 110 миллиондан ортиқ истеъмолчидан иборат бозорга чиқиш имконини беради ҳамда Африка ва Яқин Шарқ бозорларига дарвоза вазифасини ўтайди”, дея фикр билдирган Мансурбек Киличев.

Келгусидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари саноат ҳамкорлиги, фармацевтика ва тиббий ускуналар ишлаб чиқариш, агротехнологиялар, озиқ-овқат хавфсизлиги, қайта тикланувчи энергия лойиҳалари, тўқимачилик кластерлари ва пахтани қайта ишлаш соҳаларини қамраб олади.

Шу билан бирга, икки мамлакат ўртасида божхона тўловларини камайтириш ва нобожхона тўсиқларини бартараф этишга қаратилган имтиёзли савдо битими бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Бу битим имзоланганидан сўнг икки томонлама савдони сезиларли даражада оширишга хизмат қилиши кутилмоқда. 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш