Logo

Ўзбекистон ва БАА дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчилари ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар

Февраль 17, 2024. 14:16 • 1 дақ

275
Ўзбекистон ва БАА дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчилари ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар

АБУ-ДАБИ, 17 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги делегациянинг Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи давомида Дубай халқаро молия марказида (DIFC) «Uzbekistan Outsourcing Conference» мавзусида учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчи икки давлат корхоналари вакиллари  қатнашган тадбирда Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида IT-соҳани ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.


Вазир Шерзод Шерматов анжумандаги нутқида, Ўзбекистонда IT- соҳасида амалга оширилган ишлар, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи хорижий капиталга эга корхоналарга тақдим этилаётган имтиёзлар ва истиқболдаги режалар ҳақида тўхталиб ўтди.


Шунингдек, тадбирда Ўзбекистонда фаолият олиб борувчи хорижий компаниялар жумладан, Ўрта Шарқ саноатни ривожлантириш бошқармаси, «TBC Bank Uzbekistan» АЖ, «Veon ADTeCh» , «Kanoo group» ва бошқа корхоналар раҳбарлари Ўзбекистонда дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқаришда ўз тажрибалари ҳамда эришган натижалари билан иштирокчиларни таништирдилар.


«IT-Park Uzbekistan» директори Фарход Ибрагимов дастурий маҳсулот ишлаб чиқарувчи БАА корхоналарини 2024 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро тадбирларга таклиф қилди.


Тадбир доирасида Рақамли технологиялар вазирлиги ва «Achar Apps ventures» компанияси ўртасида Ўзбекистонда АКТ соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича академия ва марказлар ташкил этиш, маҳаллий АКТ корхоналари иқтисодий ўсишига инвестициявий кўмаклашиш йўналишларида ҳамкорлик юзасидан англашув меморандуми имзолади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш