Женевада Ўзбекистоннинг ХМТ билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди
Ноябрь 19, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 137
ЖЕНЕВА, 19 ноябрь. /“Дунё” АА/. Швейцария пойтахтида Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидов бошчилигидаги делегациянинг Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) бош директори Жилбер Унгбо билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар давомида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, қўшма ташаббусларни амалга ошириш ҳамда меҳнат муносабатлари соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон вакиллари Жилбер Унгбони иккинчи муддатга қайта сайлангани билан қутлаб, ташкилотнинг устувор вазифаларини рўёбга чиқаришда муваффақиятлар тилади.
ХМТ бош директори Ўзбекистонда муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва миллий қонунчиликни халқаро меҳнат стандартларига уйғунлаштириш мақсадида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни юқори баҳолади.
Ўзбекистон Президенти томонидан жорий йил 12 ноябрда имзоланган, меҳнат соҳасида камситишларга йўл қўймаслик кафолатларини кучайтириш ҳамда тенг қийматли меҳнат учун тенг ҳақ тўлаш тамойилини қонунчиликда мустаҳкамлашни назарда тутувчи қонунга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон билан ХМТ ўртасидаги шериклик муносабатларининг ривожланиш суръатидан мамнун эканини билдирди. Бош директор Ўзбекистоннинг ташкилот Маъмурий кенгаши фаолиятидаги фаол ва конструктив иштирокини алоҳида эътироф этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси