Ўзбекистон ва Япония ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Ноябрь 18, 2026. 19:00 • 2 дақ

• 88
Ўзбекистон ва Япония ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантирмоқда

НАРА, 18 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида 13–16 ноябрь кунлари “Ҳунарманд” уюшмаси Самарқанд вилояти бошқармаси раҳбари Умид Ҳакимов бошчилигидаги делегациянинг Япониянинг Нара шаҳрига сафари амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф доирасида Нара шаҳри маъмурияти, Маданий мерос миллий илмий-тадқиқот институти ҳамда шаҳар Савдо-саноат палатаси раҳбарияти вакиллари билан учрашувлар ва музокаралар ўтказилди.

Музокаралар чоғида Самарқанд ва Нара шаҳарлари ўртасидаги шериклик алоқаларини янада кенгайтириш, маданий-гуманитар, сайёҳлик ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, ҳунармандчилик ҳамда тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш борасида қўшма ташаббусларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Шунингдек ўқинг

Туризм ва ҳунармандчилик соҳаларидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда икки шаҳар ишбилармон доиралари ўртасидаги мулоқотни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, ўзаро сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилиш, B2B форматида ишбилармонлик учрашувларини ташкил этиш, ўзбек ва япон уста-ҳунармандлари ўртасида тажриба алмашиш, қўшма маданий тадбирлар ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаларини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувлар якунлари бўйича Самарқанд ва Нара шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатлари ўрнатилганининг беш йиллигига бағишланган махсус кўргазма ташкил этиш, ҳудуднинг бой ҳунармандчилик мероси билан танишиш мақсадида япон ҳунармандлари делегациясининг Самарқандга ташрифини уюштириш юзасидан келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш