Амирсаид Аъзамхўжаев: Ўзбекистон ва Польша халқлари ўртасидаги алоқалар кўп қиррали ва узоқ тарихга эга
Март 20, 2024. 15:24 • 2 дақ
• 144
ВАРШАВА, 21 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев Тошкент ва Варшава ўртасида мунтазам тўғридан-тўғри авиақатновлар очилиши муносабати билан ушбу мамлакатнинг "WPN.PL" янгиликлар порталига интервью берди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Дипломат тўғридан-тўғри авиақатновларнинг очилиши икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишини ва Польша компаниялари учун Ўзбекистонда янги сармоявий имкониятлар очишини таъкидлади.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Польшага Европа Иттифоқидаги муҳим ва ишончли шериклардан бири сифатида қарайди ва бу поляк компанияларини мамлакат иқтисодиётига сармоя киритишга ундайди.
Элчи Польшанинг Ўзбекистон билан муносабатларига баҳо берар экан, бу йил мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 32 йил тўлаётганини маълум қилган. Ўтган йиллар давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, гуманитар, маданий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликда мустаҳкам шартнома-ҳуқуқий база яратилди, тажриба тўпланди. Икки томонлама муносабатларни барча соҳаларда ривожлантириш учун катта салоҳият ва истиқболлар мавжуд.
"Ўзбекистон ва Польша халқлари ўртасидаги алоқалар кўп қиррали ва узоқ тарихга эга, – деди у. – Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўплаб поляклар Ўзбекистондан бошпана топдилар. Этнограф Леон Баршчевский, генерал Владислав Андерс, хонанда Анна Герман каби тарихий шахслар шулар жумласидандир. 20-аср бошларида машҳур польшалик шифокор Мстислав Федорович Ўзбекистонда физиотерапия клиникасига асос солган ва у ҳозир ҳам мавжуд. Полякларнинг Ўзбекистондаги фаолиятига бағишланган 18 та мемориал лавҳа ўрнатилди. Мамлакатда Иккинчи жаҳон уруши давридаги Польша аскарлари ва тинч аҳолининг кўплаб қабрлари мавжуд. Улар Ўзбекистон тарихига кирган".
Дипломат, шунингдек, Ўзбекистонда польшалик инвесторлар иштирокида 46 та корхона, жумладан, 23 та қўшма корхона ва 23 та корхона 100 фоиз хорижий капитал иштирокида фаолият кўрсатаётганини таъкидлаган.
"Биз тўқимачилик, кимё, қурилиш, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидан Польша сармоясининг кириб келишини мамнуният билан кутиб оламиз, – дея давом этади Ўзбекистон расмий вакили. – 2023 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 25 фоизга ошиб, 400 миллион АҚШ долларига етди".
Интервьюда Ўзбекистон демографик жиҳатдан жадал ривожланаётган мамлакат эканлиги қайд этилган.
"Корхоналар сони ҳам ортиб бормоқда. Келгуси йилларда энергияга бўлган талаб камида 1,5 баробар ортади. Бундан ташқари, айрим тармоқларда энергия истеъмоли юқорилигича қолмоқда. Бу сектор сармоя талаб қилади ва хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилиш учун имконият бўлиши мумкин", – деган Ўзбекистон дипломатик миссияси раҳбари.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди