Ўзбекистон ва Буюк Британия таҳлил марказлари ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланади
Октябрь 08, 2024. 20:50 • 50 сония
• 190
ЛОНДОН, 9 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Қироллик халқаро муносабатлар институти (Chatham House) директори Бронвен Маддокс билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари ҳамда Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Британия томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатимизни янада ривожлантириш бўйича стратегиялар ҳақида батафсил маълумот берилди. Бўлажак парламент сайловларига, Ўзбекистоннинг долзарб минтақавий муаммолар бўйича позициясини ойдинлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Институт раҳбари Ўзбекистон билан бугунги ҳамкорликни юқори баҳолади. Эксперт, шунингдек, "Chatham House"нинг Марказий Осиёга қизиқиши ортиб бораётганини қайд этиб, минтақадаги таҳлил марказлари билан биргаликда тадқиқотлар, давра суҳбатлари ва конференциялар ўтказишга тайёрлигини билдирди.
1920 йилда ташкил этилган "Chatham House" халқаро сиёсат ва хавфсизлик соҳасида тадқиқотлар билан шуғулланувчи етакчи Британия таҳлил марказларидан бири ҳисобланади. Институтда давлат, ҳукумат раҳбарлари ва етакчи жаҳон сиёсатчилари мунтазам равишда маъруза билан иштирок этиб, уни глобал жараёнларни таҳлил қилиш ва стратегик тавсиялар ишлаб чиқиш учун асосий майдонга айлантирмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
