Logo

Покистон Бош вазирининг саноат масалалари бўйича махсус ёрдамчиси – Саноат ва ишлаб чиқариш вазири бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди

Сентябрь 21, 2025. 11:31 • 2 дақ

50
Покистон Бош вазирининг саноат масалалари бўйича махсус ёрдамчиси – Саноат ва ишлаб чиқариш вазири бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди

ИСЛОМОБОД, 21 сентябрь. /"Дунё" АА/. Покистон Бош вазирининг саноат масалалари бўйича махсус ёрдамчиси – Саноат ва ишлаб чиқариш вазири Ҳарун Ахтар Хан бошчилигидаги делегация 15-19 сентябрь кунлари амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф доирасида икки томон мутасадди идора вакиллари иштирокида жорий йил февраль ойида Тошкентда ўтказилган олий даражали учрашувда эришилган келишувларнинг ижроси ҳолати бўйича томонларнинг ахборотлари эшитилди, истиқболли лойиҳалар ва ташаббуслар мувофиқлаштирилди.

16 сентябрь куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов ва Покистон Бош вазирининг махсус ёрдамчиси Ҳарун Ахтар Хан бошчилигида кенгайтирилган таркибдаги учрашув ўтказилди. Унда транспорт, молия, савдо, саноат, геология, Трансафғон темир йўлини қуриш, банклараро ҳамкорлик, ўзаро савдо ҳажмлари ошириш, саноат кооперацияси соҳаларида алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида ўтказилган учрашувда аввал келишилган соҳавий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари келишилди ва томонларнинг янги ҳамкорлик таклифлари кўриб чиқилди.

Ташриф доирасида вазир Ҳарун Ахтар Хан бошчилигидаги делегация "Tashkent Pharma Park" ва "Tashkent Texnopark"га ташриф буюриб, бу ерда амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. Шунингдек, улар Тошкент шаҳридаги "Покистон-Ўзбекистон" савдо уйини ҳам бориб кўрди.

Ташриф доирасида делегация аъзоларининг Ўзбекистон томони билан алоҳида учрашувлари ҳамда вилоятларга ташрифлари ҳам ташкил этилди.

Жумладан, Покистон давлат банки раиси ўринбосари Ахтар Жавед Ўзбекистон Марказий банк раиси ўринбосари Аброр Олимов билан учрашди. Унда банклараро ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро тўловларни амалга оширишни енгиллаштириш механизмлари кўриб чиқилди.

Покистон Саноат ва ишлаб чиқариш вазирининг биринчи ўринбосари Саиф Анжум ва Инвестицияларни рағбатлантириш махсус кенгаши раҳбари ўринбосари Умар Жаҳангир Сурхондарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларига сафар қилиб, ушбу вилоятлар ҳокимлари билан учрашувлар ўтказди. Муҳокамалар чоғида истиқболли ва ўзаро манфаатли лойиҳалар устида биргаликда ишлашга келишилди.

Покистон томони, шунингдек, ҳудудлардаги йирик саноат корхоналари ҳамда эркин иқтисодий зоналар, "Айритом" ЭИЗ ҳамда Бухоро саноатни ривожлантириш парки фаолияти билан танишди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш