Logo

Ўзбекистон вакиллари Венгриянинг энергетика соҳасидаги тажрибасини ўрганди

Октябрь 03, 2025. 13:00 • 2 дақ

81
Ўзбекистон вакиллари Венгриянинг энергетика соҳасидаги тажрибасини ўрганди

БУДАПЕШТ, 3 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон делегацияси Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) ҳузуридаги Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти томонидан Япониянинг "Nippon" фонди билан ҳамкорликда амалга оширилаётган "Марказий Осиёда энергетика хавфсизлиги ва минтақавий ҳамкорлик" лойиҳаси доирасида Венгрияга борди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Энергетика хавфсизлигини таъминлаш, энергия етказиб беришни диверсификация қилиш ва халқаро ҳамкорликни, шу жумладан Марказий Осиё бўйича ҳамкорликни ривожлантириш соҳасидаги Венгрия тажрибасини ўрганиш ҳамда олинган билимларни кейинчалик Ўзбекистонда қўллаш сафарнинг асосий мақсади бўлди.

Сафар давомида Венгрия Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Энергетика стратегияси институти, Венгрия атом энергияси агентлиги, Венгрия Ххлқаро муносабатлар институти, Людовика номидаги миллий давлат хизмати университети, Венгрия иқлим сиёсати институти, Дунай институти, "MVM CEEnergy Zrt." энергетика компанияси ва унинг Энергетика тизимини бошқариш маркази раҳбарияти ва экспертлари билан музокаралар бўлиб ўтди.

Дастур доирасида Ўзбекистон делегацияси Людовика номидаги миллий давлат хизмати университети қошидаги Туркий дунёни ўрганиш марказининг тантанали очилиш маросимида ҳам иштирок этди. Очилиш маросимида туркий дунёдаги стратегик қарашлар, геосиёсат ва ўзаро боғлиқлик масалаларига бағишланган панель муҳокамалари ўтказилди.

Шунингдек, Венгрия ташкилот ва компаниялари билан бўлиб ўтган музокараларда энергетика хавфсизлиги, "яшил" энергетикага ўтиш, энергия манбаларини диверсификация қилиш ва атом энергетикасини жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватлашни ривожлантириш соҳасидаги миллий стратегиялар тақдим этилди. Венгриялик ҳамкорлар Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан энергетика, академик алмашинувлар ва қўшма тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида қизиқиш билдирдилар.

Шунингдек, сув хўжалиги, ирригация тизимларини модернизация қилиш, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш, иқлим сиёсати соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболлари ҳамда барқарор ривожланиш соҳасидаги қўшма лойиҳаларни молиялаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Ташриф ўзбекистонлик экспертларга Венгриянинг энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқлим сиёсатини ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликка прагматик ёндашуви ҳақида қимматли маълумот олиш имконини берди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш