Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Сиэтл шаҳрида ҳудудлараро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди

Июнь 18, 2026. 18:30 • 2 дақ

114

СИЭТЛ, 18 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон делегациясининг АҚШнинг Сиэтл шаҳрига амалга оширган ташрифи сермазмун учрашувлар ва муҳим келишувларга бой бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф давомида Вашингтон штати давлат котиби Стив Хоббс, Сетл шаҳри мэрининг ўринбосари Брайан Сурратт, Вашингтон университети қошидаги Европа, Россия ва Евроосиё тадқиқотлари маркази (CEREAS) раҳбарияти ҳамда академик доиралар вакиллари билан самарали музокаралар ўтказилди. Шунингдек, “Greater Seattle Partners” ассоциацияси, давлат, бизнес ва иқтисодий ривожланиш соҳаси етакчилари билан истиқболли шериклик йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувларда Ўзбекистон ва АҚШнинг Тинч океани шимоли-ғарбий ҳудуди ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, инновациялар, юқори технологиялар, аэрокосмик саноат, илғор ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, таълим ва маданият соҳаларидаги шерикликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Академик ҳамкорлик ва экспертлар мулоқотини кенгайтириш, Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлардаги ўрни ва аҳамияти юзасидан фикр алмашиш ташрифнинг муҳим жиҳатларидан бири бўлди. Делегация аъзолари Вашингтон университетида Марказий Осиёга оид таълим дастурлари ва ўзбек тилини ўқитиш бўйича йўлга қўйилган янги ташаббуслар билан яқиндан танишдилар.

Ушбу ташриф якунлари Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги имкониятларини очиб бериш билан бир қаторда, икки давлат ўртасидаги ҳудудлараро ва халқларро муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш