Logo

Ўзбекистон делегацияси Кампалада бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракатининг 19-вазирлар оралиқ йиғилишида иштирок этди

Октябрь 17, 2025. 11:25 • 2 дақ

79
Ўзбекистон делегацияси Кампалада бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракатининг 19-вазирлар оралиқ йиғилишида иштирок этди

КАМПАЛА, 17 октябрь. /"Дунё" АА/. 15-16 октябрь кунлари Уганда пойтахти Кампала шаҳрида "Умумий глобал фаровонлик учун ҳамкорликни чуқурлаштириш" мавзусида Қўшилмаслик ҳаракатининг 19-вазирлар оралиқ йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирнинг очилиш маросимида Уганда Президенти Йовери Мусевени, Ташкилотга аъзо давлатлар ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари сўзга чиқди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари Мансурбек Қиличев ўз нутқида, халқаро тинчлик ва ҳамкорлик архитектураси ўзгариб, зиддиятлар кўпаётган маҳалда ривожланаётган мамлакатлар учун ўзаро ишонч, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳимлигини таъкидлади.

Қўшилмаслик ҳаракати минтақавий ва глобал сиёсатни шакллантириш ҳамда унинг аъзолари ўртасида барқарор ривожланишни рағбатлантириш учун муҳим куч бўлиб қолмоқда. У глобал ишларда фаол ва конструктив роль ўйнаш учун барча зарур имкониятларга эга.

Тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, глобал бошқарувни, жумладан, халқаро молиявий архитектурани ислоҳ қилиш, иқлим ўзгариши, инфратузилма ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари каби амалий масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон делегацияси томонидан БМТни ислоҳ қилиш, тенгсиз глобал савдо ва молиявий тизимларни ўзгартириш, сунъий интеллектдан таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларида инклюзив фойдаланишни рағбатлантириш, фавқулодда вазиятлар бўйича мониторинг ва тадқиқот тармоғини ташкил етиш, денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатлар учун адолатли, самарали ва сиёсатдан холи бўлган логистика йўлакларини ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ ва Қўшилмаслик ҳаракати платформаларида қайд этган ушбу устувор йўналишлар тадбир иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.

Ўзбекистон Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказишга тайёрлиги маълум қилинди ва Қўшилмаслик ҳаракати аъзолари 2026 йилда юртимизда бўлиб ўтадиган Сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форумига таклиф этилди.

Қўшилмаслик ҳаракати 1961 йилда ташкил этилган. Унга 121 давлат аъзо, 18 давлат кузатувчи мақомига эга. Ўзбекистон 2027–2029 йилларда Ҳаракатга раислик қилади ва 2027 йилда унинг 20-юбилей саммитига мезбонлик қилиши кутилмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш