Ўзбекистон делегацияси Лондондаги халқаро форумда муҳим келишувларга эришди
Май 21, 2026. 09:55 • 2 дақ
• 59ЛОНДОН, 21 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон делегацияси Лондонда бўлиб ўтган Бутунжаҳон таълим форумида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Делегация таркибидан Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари, Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги вакиллари ўрин олди.
Ушбу форум анъанавий равишда, ҳар йили Лондонда ўтказилади. Бу галги форумда бутун дунёдан 150 дан зиёд таълим соҳасининг нуфузли вакиллари иштирок этди.
Учрашувларда экспертлар таълим соҳасига оид масалалар ҳамда бу борада келгусида бажарилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ҳақида фикр-мулоҳаза алмашди.
Ташриф давомида Британия таълим вазирлиги ва унинг ҳузуридаги ташкилотлар, Британия кенгаши, “AQA”, “Pearson”, “Efekta”, “University of Roehampton London”, “Times Higher Education”, “UCL”, “Universities UK International”, “Advance HE” вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Суҳбат жараёнида юртимиз таълим сифатини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, аккредитация жараёнларига хорижий экспертларни жалб қилиш, академик ва институционал ҳамкорликни кенгайтириш, ОТМларни халқаро рейтингларга кириш чоралари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегацияси “AQA” ва “Pearson” ташкилотлари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Мазкур ҳужжатга кўра, таълим сифатини ташқи баҳолаш ва халқаро мутахассисларни жалб этиш, малака ошириш дастурларини ташкил этиш, трансмиллий таълим ва қўшма таълим лойиҳаларини ривожлантириш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш назарда тутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси









