Ўзбекистон Бухородаги Ситораи Моҳи Хоса ва Қўқондаги Худоёрхон саройларида халқаро стандартлар асосида реставрация ишларини амалга оширишни режалаштирмоқда

Май 21, 2026. 08:10 • 4 дақ

Ўзбекистон Бухородаги Ситораи Моҳи Хоса ва Қўқондаги Худоёрхон саройларида халқаро стандартлар асосида реставрация ишларини амалга оширишни режалаштирмоқда

ПАРИЖ, 21 май / “Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Камол Мухторов 19 май куни ЮНЕСКО маслаҳат органи Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш халқаро кенгаши (ICOMOS)нинг бош директори Селин Ногес-Вебер билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда ICOMOSнинг Бутунжаҳон меросини баҳолаш бўлими бошлиғи Гвенаэль Бурдин, Халқаро лойиҳалар бўлими бошлиғи Кристина Бичева ва Маслаҳат ва мониторинг бўлими директори Регина Дуригелло ҳам иштирок этди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва ICOMOS ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, уни янада ривожлантиришга қаратилган янги таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинди.

Бош директор Селин Ногес-Вебер сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ICOMOS ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда сезиларли ютуқларга эришилганини, бунга республиканинг умумжаҳон мероси объектларини сақлаш бўйича кўрилаётган комплекс чора-тадбирлари, Ўзбекистоннинг халқаро эксперт тузилмалари билан ҳамкорликка конструктив ва очиқ ёндашуви хизмат қилаётганини таъкидлади.

ICOMOS вакиллари ЮНЕСКОнинг “Шаҳрисабз тарихий маркази” Бутунжаҳон мероси объекти бўйича мулоқот жараёнининг ижобий тажрибасини таъкидлади. Тизимли ва самарали ҳамкорлик иштирокчи давлатларга Бутунжаҳон мероси тўғрисидаги конвенция қоидалари ва бошқа халқаро стандартларга мос келадиган ташаббуслар ва ҳужжатларни ишлаб чиқиш имконини бериши қайд этилди.

Шу муносабат билан, ICOMOS вакиллари мамлакатимиздаги барча ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси объектларини қамраб олувчи Ўзбекистон билан янги мулоқот жараёнини тез фурсатда бошлашга тайёр эканини баён қилди.

ICOMOS раҳбарияти Ўзбекистон томонидан “Бухоронинг тарихий маркази” Бутунжаҳон мероси объектининг комплекс бош режаси лойиҳаси тайёрланаётганини олқишлади. Ҳужжатнинг халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилиши мамлакатнинг Бутунжаҳон мероси қўмитаси қарорлари ва ICOMOS тавсияларини бажаришга масъулиятли ёндашувини намойиш этиши таъкидланди. Ўзбекистоннинг Бутунжаҳон мероси маркази ва ICOMOS билан ҳамкорликда Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг бош режаларини ишлаб чиқиш режалари юқори баҳоланди.

Шунингдек ўқинг

Учрашув давомида ICOMOS вакилларига Ўзбекистоннинг Бухородаги Ситораи Моҳи Хоса саройи ва Қўқондаги Худоёрхон саройида реставрация лойиҳаларини амалга ошириш режалари ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистон томони ишларни халқаро стандартларга мувофиқ ҳамда ICOMOS ва ЮНЕСКО билан ҳамкорликда амалга ошириш ниятида экани айтилди. ICOMOS вакиллари ушбу ташаббусни олқишлаб, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклифларни кўриб чиқишга тайёр эканини билдирди.

ICOMOS, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда “ALIPH” халқаро жамғармаси кўмагида 2026 йил 1-3 июль кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё маданий мерос мутахассислари учун иқлим саводхонлиги бўйича минтақавий ўқув дастурига тайёргарлик алоҳида муҳокама қилинди. Иқлим ўзгариши олдида мерос объектларининг тобора заифлашиб бораётгани ва минтақада ушбу мавзуга бўлган юқори қизиқиш шароитида дастурнинг долзарблиги қайд этилди. Бунга Марказий Осиёнинг барча ҳудудларидан экспертлардан тренингда иштирок этиш учун 70 дан ортиқ аризалар келиб тушгани далил бўлди.

Тренинг мавзуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил октябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида илгари сурган ташаббусларига, жумладан, Хива шаҳрида глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни сақлаш масалалари бўйича халқаро симпозиум ўтказиш таклифига тўлиқ мос келиши эътироф қилинди. ICOMOS концепцияни тайёрлаш ва ушбу симпозиумни ўтказишда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.

Экпертлар Ўзбекистоннинг мамлакатда ICOMOS миллий қўмитасини ташкил этиш ниятини қўллаб-қувватлади. Миллий қўмиталар эксперт ёрдами, номинациялар бўйича тавсиялар тайёрлаш, Жаҳон мероси объектларини мониторинг қилиш ва профессионал салоҳиятни ривожлантиришда муҳим роль ўйнаши баён этилди. ICOMOS ушбу ташаббусни амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Музокаралар якунида муҳокама қилинган ташаббусларни амалга ошириш ва ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича томонларнинг ниятларини мустаҳкамлайдиган Ўзбекистон ва ICOMOS ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги меморандумни ишлаб чиқиш ва имзолаш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш