Ўзбекистон делегацияси Лондонда хорижий ҳамкорлар билан музокара ўтказди
Январ 28, 2026. 11:59 • 2 дақ
• 659
ЛОНДОН, 30 январь. /“Дунё” АА/. Буюк Британия пойтахтида ўтказилган “Bett UK 2026” халқаро таълим кўргазмасида Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги делегацияси ҳам иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф давомида вакилларимиз “Bett UK” халқаро кўргазмаси доирасида ташкил этилган таълим вазирлар симпозиумида қатнашди. Симпозиумда хорижий давлатларнинг таълим соҳасига масъул вазирлик ва идоралари билан учрашувлар ўтказилиб, таълим соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича алоқалар ўрнатилди.
Мулоқот жараёнида Канада, Франция, Буюк Британия, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркманистон, Корея Республикаси, Хитой каби давлатларнинг таълим вазирликлари раҳбарияти мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Хусусан, “Pearson” компаниясининг вице-президенти Эбраҳим Матюс таълим ва сунъий интеллектга асосланган иқтисодиёт ўртасидаги тафовутни бартараф этиш масаласида сўз юритди.
“Efekta” компаниясининг вице-президенти Саранжит Сангар билан учрашувда Ўзбекистонда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, таълим сифатини ошириш, рақамлаштириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида фикр алмашилди.
“General Assembly” компанияси дастурлар менежери Курдин Базиз билан суҳбат жараёнида ўзбекистонлик битирувчиларнинг сунъий интеллект ва дастурий муҳандислик соҳаларидаги билим ва кўникмаларини бойитиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.
Британия Бизнес ва савдо вазирлиги расмийлари билан учрашувда ТОП-100 га кирувчи университетларининг Ўзбекистонда филиалини ташкил этиш масаласи илгари сурилди.
Шунингдек, тадбир давомида “BettUK”нинг глобал тадбирлар директори Дункан Верри билан музокара ўтказилди. Музокарада Ўзбекистон томони мазкур глобал тадбирнинг янги “Bett Central Asia” форматини ташкил этиш ва уни Ўзбекистонда ўтказиш таклифини илгари сурди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси