Ўзбекистоннинг яшил тараққиёт ташаббуслари турк ОАВ диққат марказида
Апрель 03, 2026. 14:07 • 2 дақ
• 44
ИСТАНБУЛ, 2 апрель. /“Дунё” АА/. Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида (“Green University”) Халқаро ўрмонлар куни муносабати билан “Барқарор яшил тараққиёт йўлидаги мулоқот: умумий келажак учун инвестициялар” мавзусида халқаро форум туркиянинг “SonDaKiKA.com”; “Habername” ва “Haberler” каби бир қатор ОАВлари диққат марказида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Форум Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ўрмон агентлиги ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Хабарларда Форумнинг мақсади - йўқолиб кетиш хавфи остида турган ўрмонларни ҳимоя қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва биологик хилма-хилликни сақлаш экани таъкидланган. Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига қарши курашиш, чўлланишнинг олдини олиш ва янги ўрмон майдонларини яратиш бўйича олиб борилаётган ишларга урғу берилган. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари туфайли бу соҳада муҳим қадамлар қўйилгани, бу саъй-ҳаракатлар нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатишга ҳисса қўшаётгани билдирилган.
Турк ОАВлари БМТнинг ўрмонлар бўйича форуми раиси Исмаил Беленнинг фикрларини ҳам келтирган. Унга кўра, бундай тадбирлар ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар яратади. Ўзбекистоннинг ўрмон хўжалиги соҳасидаги ишларига тўхталиб ўтган И.Белен сўнгги йилларда мамлакат бу соҳада сезиларли ютуқларга эришганини айтган. У минтақадаги қийин табиий шароитларга қарамай, янги ўрмонларни барпо этиш ва ўрмонларни бошқариш тадбирлари эътиборга сазовор эканини таъкидлаган.
И.Беленга кўра, БМТнинг ўрмонлар бўйича форуми ўрмон хўжалиги соҳасида халқаро сиёсат платформаси сифатида муҳим рол ўйнайди ва унинг доирасида мамлакатлар ўртасида тажриба алмашишни кучайтириш муҳим. Ўзбекистондаги ўрмончилик ишлари бўйича И.Белен Ўзбекистонда ўрмон майдонларини кенгайтириш учун жиддий саъй-ҳаракатлар қилинаётганини таъкидлаб, "Ўзбекистон яқин келажакда ҳозирги 10 фоизли ўрмон майдонини 12 фоизга, кейин эса 20 фоизга етказишни мақсад қилган. 35 йиллик ўрмончи сифатида мен уларнинг муваффақиятга эришишига ишонаман" деган. И.Белен Ўзбекистон йилига 200 миллион кўчат етиштиришни мақсад қилганини таъкидлаб, ҳозирги географик шароитларни ҳисобга олган ҳолда бу жуда улуғвор мақсад эканлигини таъкидлаган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси