Сеул шаҳрида экспертлар "Корея Республикаси – Марказий Осиё" форматида Таҳлил марказлари форумини ташкил этиш бўйича келишувга эришдилар
Ноябрь 22, 2023. 10:08 • 2 дақ
• 278
СЕУЛ, 22 ноябрь. /«Дунё» АА/. Сеул шаҳрида «Корея Республикаси – Марказий Осиё» форматида таҳлил марказларининг давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбир «Корея Республикаси – Марказий Осиё» ҳамкорлик форуми котибияти томонидан ташкил этилди.
Унда Марказий Осиё халқаро институти директори вазифасини бажарувчи Фанил Қодиров ва Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси дипломатлари иштирок этишди.
Давра суҳбатида, шунингдек, Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти, Қирғизистон Президенти ҳузуридаги Миллий стратегик тадқиқотлар институти ва Тожикистон Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази раҳбарлари ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг Корея Республикасида аккредитациядан ўтган элчилари ва Жанубий Корея ТИВ дипломатлари қатнашди.
1991 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён Корея Республикаси ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик натижаларини, шунингдек, ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш истиқболларини таҳлил қилишга қаратилган муҳокамаларда олтита муассаса вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Корея Республикаси ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар даражасини қўшма сиёсий стратегияларни ва истиқболли ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш орқали янада оширишда илмий-тадқиқот институтларининг ўрни ниҳоятда муҳим эканлиги таъкидланди.
Иштирокчилар Корея Республикаси ва Марказий Осиё таҳлил марказлари ва экспертлари ўртасида доимий мулоқотни йўлга қўйиш зарурлигини қайд этдилар.
Учрашув якунида «Корея Республикаси – Марказий Осиё» таҳлил марказлари форумини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
2022 йил октябрь ойида Пусан шаҳрида бўлиб ўтган «Корея Республикаси – Марказий Осиё» 15-ҳамкорлик форумида Ўзбекистон томони Жанубий Корея ва Марказий Осиё таҳлил марказлари ҳамда экспертлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган давра суҳбатини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Наманган–Гуйян: умумий қиймати 1,1 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзоланди
Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатида истиқболли келишувларга эришди