Тошкентда Германия иқтисодиёти куни ўтказилди

Май 20, 2026. 10:55 • 2 дақ

173
Тошкентда Германия иқтисодиёти куни ўтказилди

ТОШКЕНТ, 20 май. /“Дунё” АА/. Пойтахтимизда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга бағишланган “Ўзбекистонда Германия иқтисодиёти куни 2026” форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси, Германия саноати ва савдо палатаси ҳамда Германия–Ўзбекистон бизнес ҳамкорлиги бюроси (DUWK) ташаббуси билан ўтказилди.

Форумда Ўзбекистон ва Германиядаги элчихоналар дипломатлари, ҳукумат доиралари, йирик компаниялар, инвесторлар, халқаро молиявий институтлар ва экспертлар, германиялик тадбиркорлар иштирок этди.

Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов иштирокчиларни қутлаб, Германия Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, у мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, саноат кооперацияси ва қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишлар ҳақида фикр билдирди.

Форумда инвестиция муҳитини такомиллаштириш, ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш ҳамда логистика ва инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида иккита панель сессияси ташкил этилди. Уларнинг биринчиси Ўзбекистонда фаолият юритаётган немис компаниялари дуч келаётган долзарб масалаларга бағишланди. Унда йирик немис инвесторлари, тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, етакчи компаниялар вакиллари иштирок этиб, бизнес юритиш шароитларини янада яхшилаш бўйича амалий таклифларни илгари сурдилар.

Иккинчи панель сессиясида таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги Ўзбекистон–Германия ҳамкорлиги масалалари кўриб чиқилди. Германия тажрибаси асосида дуал касб-ҳунар таълимини ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ва иқтисодиёт эҳтиёжларига мувофиқ малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

 “Askania Bildung” компанияси раҳбари Инго Юнг:

– Ўзбекистонда дуал касбий таълим соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, ҳозирги кунда Бухоро, Урганч, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида ўқувчилар немис тили билан бирга металлга ишлов бериш, электротехника, электроника, қурилиш техникаси ва омбор логистикаси йўналишларида тайёргарликдан ўтмоқда. Бу дастур ёшларга Германияда ўқиш ва ишлаш учун зарур билим ва кўникмаларни беришга хизмат қилади.

 “Papenburg Unternehmensgruppe” компанияси бошқарув аъзоси, Ўзбекистоннинг Саксония-Анҳальт ва Қуйи Саксония федерал ўлкалари Фахрий консули Ангела Папенбург:

– Ҳозирги кунда биз GIZ билан ҳамкорликда Андижонда касб-ҳунар тренинг Марказини очишни режалаштиряпмиз. Биз марказ кўплаб ёшларни қамраб олишини, бу орқали уларни касбга йўналтириш ҳамда касбий таълим имкониятлари яратишни истаймиз. Бу ерда ўқувчилар учун касбга йўналтириш бўйича тадбирлар ҳам ўтказамиз.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш