Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банки ўртасида 202 миллион долларлик битим имзоланди

Октябрь 26, 2026. 14:00 • 2 дақ

• 173
Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банки ўртасида 202 миллион долларлик битим имзоланди

АР-РИЁЗ, 26 октябрь. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистонининг “Saudi Press Agency” ахборот агентлигида Ислом тараққиёт банки гуруҳи президенти Муҳаммад ал-Жассир ҳамда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров билан учрашувига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, ушбу учрашув Бангкокда бўлиб ўтган Жаҳон банки гуруҳи ва Халқаро валюта жамғармасининг 2026 йилги йиллик йиғилишлари доирасида ташкил этилган.

Учрашувда томонлар шерикликни янада кенгайтириш, транспорт, қайта тикланувчи энергетика, сув ресурсларини бошқариш, соғлиқни сақлаш, исломий молиялаштириш, кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш каби устувор йўналишларни муҳокама қилди.

Ислом тараққиёт банки ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида банк томонидан тўлиқ молиялаштириладиган, умумий қиймати 202 миллион долларни ташкил этадиган “Қишлоқ хўжалигини механизациялашни ривожлантириш лойиҳаси” бўйича битим имзоланди.

Шунингдек ўқинг

Мазкур лойиҳа замонавий, самарали ва иқлим омилларини ҳисобга олувчи қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Бу лойиҳа унумдорликни ошириш, ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини яхшилаш ҳамда қўшилган қиймат занжирларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Томонлар ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва мамлакатнинг узоқ муддатли устувор мақсадларига эришишга хизмат қиладиган ташаббусларни илгари суриш муҳимлигини таъкидлади.

Муҳаммад ал-Жассир банк гуруҳи барқарор ва инклюзив ўсишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати билан яқин ҳамкорлик алоқаларини келгусида ҳам давом эттиришини маълум қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш