Logo

Ўзбекистон ва Испания олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик жадаллашмоқда

Июль 15, 2025. 19:56 • 2 дақ

71
Ўзбекистон ва Испания олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик жадаллашмоқда

ТОШКЕНТ, 15 июль. /"Дунё" АА/. Испаниянинг Барселона ва Льейда шаҳарларидаги университетлар делегацияси академик ҳамкорликни кенгайтириш ва мамлакатимиз олий таълим муассасалари билан академик алоқаларни ўрнатиш мақсадида амалий сафар билан Ўзбекистонда бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар доирасида Испания олий таълим муассасалари вакиллари Урганч "RANCH" технология университетида бўлиб ўтган "Ҳамкор университетлар саммити – 2025"да иштирок этди. Шунингдек, испан томони юртимиздаги бир қатор университетларда бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида вазир ўринбосари Отабек Маҳкамов, Барселона университети проректори Рауль Рамос Лабо, Льейда университети проректори Антони Гранольерс Сальтивери ва Урганч "RANCH" технология университети ректори Журъатбек Атажонов ўртасида алоҳида учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида академик алмашинув, қўшма тадқиқот лойиҳаларини йўлга қўйиш, икки томонлама таълим дастурларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Испания олий таълим муассасалари ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни стратегик даражага олиб чиқиш, қўшма академик ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, олий таълим соҳасида институционал алоқаларни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирдилар.

Испания университетлари делегациясининг мамлакатимизга амалга оширган мазкур амалий сафари халқаро академик мулоқотни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди. Шунингдек, Европа олий таълим муассасаларининг Марказий Осиёга таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорлик учун истиқболли минтақа сифатида қизиқиши ортиб бораётганини тасдиқлади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш