Logo

Имконияти чекланган ёшларни Ўзбекистонда қўллаб-қувватлаш бўйича Саудия тажрибаси ўрганилди

Апрель 24, 2026. 09:30 • 2 дақ

208
Имконияти чекланган ёшларни Ўзбекистонда қўллаб-қувватлаш бўйича Саудия тажрибаси ўрганилди

АР-РИЁЗ, 24 апрель. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан инклюзив таълимни такомиллаштириш соҳасида Ўзбекистон – Саудия Арабистони ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, мамлакатимизнинг етакчи олий таълим муассасалари ҳамда Малика Нура университети вакиллари иштирок этди.

Учрашувда ногиронлиги бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар фаолиятини такомиллаштириш, ушбу соҳада фаолият юритаётган педагог кадрларнинг малакасини ошириш масалалари кўриб чиқилди. Инклюзив таълимни ривожлантириш ва таълим жараёнига замонавий ёндашувларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон вакиллари иштирокчиларга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолияти, хусусан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши учун тенг имкониятлар яратиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Учрашувда томонлар амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди. Малика Нура университети мутахассисларини жалб этган ҳолда малака ошириш дастурларини амалга ошириш, ихтисослаштирилган мактаблар ўқитувчилари учун малака ошириш курслари ташкил этиш ҳамда ўзбекистонлик педагогларнинг халқаро онлайн дастурлардаги иштирокини кенгайтириш устувор йўналишлар сифатида белгилаб олинди.

Тадбир якунида махсус ва инклюзив таълим соҳасида қўшма тадқиқотлар ўтказиш ҳамда натижаларини “Scopus” ва “Web of Science” базаларида индексланадиган халқаро илмий нашрларда эълон қилишни кўзда тутувчи илмий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш