Берлинда Ўзбекистон ва Германиянинг дуал ҳамда касбий таълим соҳасидаги ҳамкорлиги муҳокама қилинди
Апрель 19, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 161
БЕРЛИН, 19 апрель. /“Дунё” АА/. Германия пойтахтида “Ўзбекистон-Германия дуал ва касбий таълим форуми: рақобатбардош ва малакали кадрлар” мавзусига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонаси томонидан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва «iMOVE» лойиҳаси билан шерикликда ташкил этилди. Унда икки давлат вазирлик ва идоралари, федерал агентликлар, савдо палаталари вакиллари ҳамда рекрутинг компаниялари раҳбарлари жам бўлишди.
Мулоқотнинг асосий мақсади - юқори малакали мутахассислар тайёрлашда ўзаро шерикликни мустаҳкамлаш, немис дуал ўқитиш тизимини жорий этиш ва қонуний меҳнат миграцияси механизмларини кенгайтиришдир.
Анжуманнинг очилиш қисмида Элчи Дилшод Ахатов, Тюрингия ўлкаси вазири Катарина Шенк ва Касбий таълим агентлиги директори Азимжон Ҳусанов сўзга чиқишди. Нотиқлар замонавий меҳнат бозори талабларига мос кадрлар етиштиришда стратегик алоқаларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтишди.
Ишчи дастур давомида соҳани модернизация қилиш, қўшма ўқув дастурларини йўлга қўйиш ва ёшларни хорижда тизимли иш билан таъминлаш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, Германияда фаолият юритаётган юртдошларимизни ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳамда ўзбекистонлик мутахассислар дипломларини немис иқтисодиётида тан олиш механизмларига алоҳида урғу берилди.
B2B форматидаги музокаралар тадбирнинг энг самарали қисми бўлди. Ўзбекистон Касбий таълим агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари германиялик шериклар билан 60 га яқин меморандум ҳамда келишувларни имзолашди. Бу ҳужжатлар қўшма лойиҳаларни бошлаш, ўқитиш сифатини ошириш ҳамда талабалар учун Германияда стажировка ўташ имкониятларини яратишни кўзда тутади.
Мазкур тадбир икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси