Жанубий Кореянинг йирик технологик компанияси Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очишни режалаштирмоқда

Апрель 26, 2024. 15:54 • 3 дақ

• 461
Жанубий Кореянинг йирик технологик компанияси Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очишни режалаштирмоқда

СЕУЛ, 26 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси амалий ташриф билан Жанубий Кореяда бўлиб турибди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Делегация таркибидаги Хизматлар экспортини ривожлантириш директори Маҳлиё Муксинова бошчилигидаги IT Park Uzbekistan вакиллари WiseStone компанияси асосчиси ва бош директори Ёнг-Сеок Ли, WiseStone-T бош директори Ин-Сук Ким ҳамда KOIIA вакили Сунг-Жом Лим билан учрашув ўтказди.

Томонлар бугунги кунда бутун дунё бўйлаб технологик компаниялар дуч келаётган муаммоларни, хусусан, кадрлар етишмаслиги ва солиқ юкларини муҳокама қилдилар. Қолаверса, бизнесни фаол ривожлантириш йўлидаги энг катта тўсиқ демографик омил ҳисобланиб, IT мутахассислари бозори йилдан-йилга камайиб бормоқда.

Учрашувда WiseStone вакилларига малакали мутахассислар етишмаслиги муаммосини ҳал этишнинг мумкин бўлган ечими сифатида мамлакатнинг инсон капитали ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. IT Park вакиллари Фарғона вилоятини корейс тилининг юқори кириб бориши ва ривожланган инфратузилмаси туфайли келажакдаги WiseStone офиси учун потенциал жой сифатида кўриб чиқишни таклиф қилди.

Шунингдек, меҳмонларга IT Parkни қўллаб-қувватлаш дастурлари тақдим этилди. Уларда хорижий компанияларга минимал харажат ва IT Park томонидан тўлиқ кўмак билан Ўзбекистон бозорига киришга ёрдам берувчи Zero Risk программаси алоҳида қизиқиш уйғотди.

Шунингдек ўқинг

Ёнг-Сеок Ли Ўзбекистон бозори ҳақиқатан ҳам хорижий IT сектор вакиллари учун жозибадор бўлиб бораётгани ҳақида фикр билдирди. Қўллаб-қувватлаш дастурлари мукаммал, чунки улар фаолиятнинг деярли барча соҳаларини қамраб олади ва бой инсон капитали билан биргаликда бизнесни кенгайтириш учун катализаторга айланади.

WiseStone компанияси вакиллари яқин вақт ичида Ўзбекистонга ташриф буюришни ва мамлакатимизнинг IT ландшафти ва кадрлар салоҳияти билан яқиндан танишишни режалаштираётганини маълум қилди.

Ўзбекистонга Шарқий Осиё тадбиркорларининг қизиқиши ортиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Биринчи чорак якунларига кўра, Жанубий Кореянинг 4 та ва Япониянинг 2 та компанияси IT Park резидентига айланиб, ўз фаолиятини йўлга қўйган.

WiseStone компанияси 2007 йилда ўз фаолиятини бошлаган. Жанубий Кореянинг энг йирик корхоналаридан бири бўлган ушбу компаниянинг Хитой ва Вьетнамда ҳам офислари мавжуд. WiseStone-Т штаб-квартираси Сеулда жойлашган IT шўъба корхонаси бўлиб, у синов хизматларини, мослаштирилган технологик ечимларни сотишни, сифат кафолати ва сифат назорати бўйича консалтингни тақдим этади. Ҳозирда компанияда 400 дан ортиқ ходим ишлайди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш