Германиядаги ватандошлар Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлади
Сентябрь 13, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 96ГЕРА, 13 сентябрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг Гера шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ҳамда “Анор” жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда ушбу мамлакатнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган 200 нафардан ортиқ ватандош иштирок этди.
Дипломатлар иштирокчиларни байрам билан табриклаб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларининг ривожланиши, ёшлар учун яратилаётган янги имкониятлар ҳамда иқтисодиётни модернизация қилиш борасидаги ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Бу йилги байрам тадбирлари мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳисси ва ёш авлоднинг миллий қадриятларга боғлиқлигини мустаҳкамлашга қаратилган “Ягона Ватан, ягона халқ – янги ҳаёт ва келажакни бунёд этамиз” шиори остида ўтаётгани алоҳида таъкидланди.
Маданий дастурдан ўзбек рассоми Жўра Асрон асарлари кўргазмаси, миллий ўйинлар, ватандошларнинг ўзбек қўшиқлари ва рақслари билан чиқишлари ҳамда меҳмонларни миллий урф-одатлар ва таомлар билан таништириш ўрин олди.
Иштирокчилар Германиядаги ўзбек жамоатчилиги ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ёшларни миллий маданият, тил ва анъаналарни асраб-авайлашга жалб этиш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





