Logo

Польша фармацевтика саноати корхоналари Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганмоқда

Июль 26, 2024. 16:49 • 49 сония

195
Польша фармацевтика саноати корхоналари Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганмоқда

ВАРШАВА, 26 июль. /"Дунё" АА/. Польша фармацевтика саноати уюшмаси президенти Кшиштоф Копец бошчилигидаги делегация 24-25 июль кунлари амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф мамлакатимизнинг Варшавадаги элчихонаси ва "Европа-Ўзбекистон" Иқтисодий ҳамкорлик уюшмаси кўмагида ташкил этилди.

Делегация таркибидан "Polpharma Group" ва "Adamed" каби Польшанинг энг етакчи фармацевтика компаниялари вакиллари жой олди.

Сафар давомида Польша томони Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, "Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази" давлат муассасаси раҳбарияти билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Шунингдек, "Tashkent Pharma Park" кластери фаолияти билан яқиндан танишди.

Музокаралар давомида "Polpharma Group" ва "Adamed" каби етакчи поляк компанияларининг Ўзбекистон фармацевтика саноатига инвестиция киритиш режалари ва имконияти, инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар, шунингдек, мамлакатимизнинг сармоявий жозибадорлигини ошириш учун зарур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартиришлар билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Музокаралар натижасида фармацевтика саноати соҳасида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш